ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Таом

Рўзадорлар учун тавсиялар

944
0

Муқаддас Рамазон ойида истеъмол қилаётган таомингиз  ҳар доимги таомномангиздан катта фарқ қилиши керак эмас ва иложи борича оддийроқ бўлиши лозим. Рўза, баҳор-ёз ойларига тўғри келган пайтда ифтор вақти билан саҳаргача бўлган вақт оралиғи кўп бўлмайди. Бу эса ифтор вақтида қабул қилинган таомлар  етарли даражада ошқозонда ҳазм бўлиш имконини яратмайди.
 

Саҳарлик вақтида таом қабул қилиш

alt
 
Саҳарлик таоми рўзадор томонидан Бомдод намозига ўқиладиган азонга қадар қабул қилиниши керак. Саҳарлик рўзадор учун жуда муҳим ҳисобланади. Хадисларда келтирилишича рўзадор ҳеч бўлмаганда бир қултум сув билан оғиз ёпиши керак, Эрон хурмаси истеъмол қилиш эса энг аъло саҳарлик ҳисобланади.
 
altalt
altalt
 
Саҳарлик организмни кундалик қувват билан таъминлайди. Шифокорлар саҳарликка мураккаб углеводли маҳсулотлар – дағал ундан тайёрланган нон, ёрмали шўрвалар, барра сабзавотлардан тайёрланган салатлар ва қуритилган меваларни истеъмол қилишни маслаҳат берадилар. 
 
altalt

Мураккаб углеводлар организмда узоқ вақт ҳазм бўлади, шу сабабли 8-12 соат давомида организмни қувват билан таъминлайди. Уларга гўшт, балиқ, тухум ва сут маҳсулотлари кўринишидаги оқсилларни қўшиш мумкин. Оқсиллар ҳам етарли даражада секин ҳазм бўлади ва юқори жисмоний фаолликда жуда муҳим, лекин ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилинганда оқсил шундоқ ҳам рўза вақтида қўшимча босим билан ишлаётган жигарга оғирлик қилади.
 
alt
 
Эрон хурмаси – қанд манбаи ҳисобланади, шунингдек унда клетчаткалар, углеводлар, калий ва магний ҳам жуда кўп. Лекин саҳарлик вақтида ҳаддан ташқари кўп таом қабул қилиш ва керагидан ортиқ сув ичиш мумкин эмас. Чунки бунинг натижасида организмга кун давомида жуда керак бўладиган минерал тузлар ювилиб кетиши мумкин. Саҳарликда қаҳвадан бутунлай воз кечганингиз маъқул. Қатиқ асосида тайёрланган ичимликлар эса айни муддао бўлади.

 
Ифторлик вақти (оғиш очиш)да таом қабул қилиш

Ифторлик тоами қуёш ботиши билан ва хуфтон намоз ўқилишига қадар қабул қилинади. Хадисларда келтирилишича оғизни эрон хурмаси билан очиш мақсадга мувофиқ бўлади, агар эрон хурмаси билан оғиз очишга имкон бўлмаса, у тақдирда сув билан оғизни очиш мумкинлиги, чунки сув организмни тозалаши айтиб ўтилган.
 
alt

Дин бўйича мутахассислар хуфтон намозигача кам миқдорда таом истеъмол қилишни, хуфтон намозидан сўнггина тузатилган дастурхонга ўтириб овқатланишни давом эттиришни маслаҳат берадилар.
 
alt

Рамазоннинг ҳар кечаси ҳақиқий байрам бўлиб, ифторлик дастурхонига мевалар, турли пишириқлар, қуритилган мевалар, сут-қатиқли таомларни ва инсон организмига қувват бағишловчи таомларни қўйиш мумкин. Аввало ифторлик вақтида таом истеъмол қилиш меъёрдан ошиб кетмаслиги лозим.
 
alt

Бу йилги рўза ойида ифторлик ва саҳарлик оралиғи унча катта эмаслигини инобатга олиб, кўпроқ барра мевалар, сабзавотлар, табиий шарбатларни истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.
 
alt
 
Жуда ҳам ёғли, аччиқ, қовурилган, хамирли таомларни истеъмол қилишга муккасидан кетмасликларингизни маслаҳат берган бўлардик, чунки юқорида санаб ўтилган таомлар ошқозонга катта оғирлик тушишига, вазннинг ортишига, жиғилдон қайнашига олиб келиши мумкин. Рўза тутишнинг асосида органзмнинг кераксиз моддалардан тозаланиши ва унинг тикланиши, соғломланиши ётади.
Рўзадорнинг таомномасида сабзавотли, гўшт-сабзавотли таомлар, салатлар бўлса мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғри ҳар бир кишининг ўзи ёқтирган таомномаси бўлади. Шу сабабли вариантлар жуда ҳам кўп. Овқатланиш яхши баланслашган бўлиб, унга ҳар гуруҳнинг фойдали ва мазали маҳсулотлари кириши лозим. Масалан, сабзавотлар, мевалар, гўшт, нон, донли ва сут маҳсулотлари.
 
altalt

Ифтор ва уйқу оралиғида кўпроқ суюқлик қабул қилишга ҳаракат қилинг, бу органзмдаги суюқлик миқдорини ушлаб туришга ёрдам беради. Суюқлик қабул қилинг деганда, биз дўкон пештахталаридаги турли ҳил шарбатлар ва яхна ичимликларни эмас, балки минерал сув, уй шароитида барра мевалардан табиий сиқиб чиқарилган шарбатларни, компотларни, кисел ва чойни назарда тутмоқдамиз. Оддий қайнатилиб, тиндирилган сувни ҳам ичиш организмга ҳеч қандар зарар келтирмайди.
 
altalt
 
Яна шуни ҳам айтиб ўтишимиз жоизки, рўза вақтида турли тез тайёрланадиган таомларни ўз рационингиздан чиқариб ташлаш тўғри бўлади. Уларга турли хил зироварли угралар, идишлардаги бўтқалар киради. Колбасани ҳам таомномадан чиқариш керак. Чунки бу келтирилган рўйхатдаги таомларда  тўғри углеводлар бўлмайди ва улардаги мавжуд оқсиллар тез ҳазм бўлиб, очлик ҳисси 1-2 соатдан кейин тезда қайтади. Улардаги турли зираворлар ва туз миқдорининг кўплиги иштаҳанинг очилишига ва сувсаш ҳисси пайдо бўлишига олиб келади.
Саҳар ва ифтор дастурхони турли ҳил таомлар билан тўлдирилиши мумкин. Аммо уни нафақат мазали қилиш, балки организмингиз учун фойдали қилишни унутманг.  
 
Рўза тутиш мўмин-мусулмонни нафақат руҳини тозалайди, балки соғлиқни ҳам тиклайди. Йил давомида мунтазам овқат қабул қилишдан чарчаган инсон организми, бу ойда бир оз дам олади ва шу тариқа бизнинг жисмимизда янгиланиш жараёни бўлиб ўтади.

Юқорида айтиб ўтилган барча сўзлар, қатъий риоя қилиниши лозим бўлган қоидалар деб таъкидлай олмаймиз, аммо уларга эътибор қаратиш ҳеч биримизга зарар келтирмайди деб, айта оламиз.

Азиз юртдошлар, мўмин-мусулмонларнлар сайтимиз номидан сизларни султони Рамазон шариф билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу ойни барчаларимизга қутлуғ ва барокотли қилишини тилаб қоламиз! Тутилажак рўзаларимизни комил ва батамом бўлишини насиб айласин!
Ҳаммангизга сабр ва тоқат, оилаларингизда доимо тинчлик-тотувлик, қут-барака, меҳр-оқибат ҳукмронлик қилишини чин қалбдан тилаймиз.

Сўзимиз сўнггида барча рўзадорлар учун қулайлик яратиш  мақсадида, Рамазон тақвимини тақдим этамиз.
 

Тошкент шаҳри ва вилояти учун Рамазон тақвими 1440 ҳижрий - 2019 йил

Сана Саҳарлик Ифторлик Сана Саҳарлик Ифторлик
Май Май-Июнь
6 3:46 19:25 21 3:24 19:40
7 3:44 19:26 22 3:23 19:41
8 3:43 19:27 23 3:22 19:42
9 3:41 19:28 24 3:21 19:43
10 3:40 19:29 25 3:19 19:44
11 3:38 19:30 26 3:18 19:44
12 3:37 19:31 27 3:17 19:45
13 3:35 19:32 28 3:16 19:46
14 3:34 19:33 29 3:16 19:47
15 3:32 19:34 30 3:15 19:48
16 3:31 19:35 31 3:14 19:49
17 3:30 19:36 1 3:13 19:49
18 3:28 19:37 2 3:12 19:50
19 3:27 19:38 3 3:11 19:51
20 3:25 19:39 4 3:10 19:51


РЎЗА ТУТИШ (ОҒИЗ ЁПИШ) ДУОСИ
Навайту ан асума совма шаҳри ромазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳуакбар.
Маъноси: Рамазон ойининг рўзасини субҳдан то кун ботгунча тутмоқни ният қилдим. Холис Аллоҳ учун. Аллоҳ Буюкдир.


ИФТОРЛИК (ОҒИЗ ОЧИШ) ДУОСИ
Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва ъалайка таваккалту ва ъала ризқика афтарту, фағфирли яғоффарума қоддамту ва ма аххорту.
Маъноси: Эй Аллоҳ, ушбу рўзамни Сен учун тутдим ва Сенга иймон келтирдим ва Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Эй гуноҳларни афв қилувчи Зот, менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил.

Азизлар барчангизга ушбу муқаддас ойда сабр-тоқат, соғлиқ тилаб қоламиз.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 06-05-2019

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг