ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Кино

“Нўхат полвон” тўлиқ метражли мультфильми устида иш бошланди

“Ўзбекфильм” киноcтудияси қошидаги Мультипликацион фильмлар ишлаб чиқариш бирлашмаси “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан миллий кинематография тарихида илк марта “Нўхат полвон” тўлиқ метражли мультипликацион (1,5 соат) фильмини ишлаб чиқаришга киришди.

Даставвал тўлиқ метражли мультфильм адабий сценарийси учун ижодий танлов шартлари ишлаб чиқилиб, матбуот ва интернет нашрларида эълон  қилинди. Танловда кўплаб ижодкорлар, муаллифлар иштирок этди. Улар тақдим этган асарлар беглинганган мезонлар асосида ўрганиб чиқилди. Агентлик бадиий кенгаши қарорига биноан, таниқли ижодкор Исмоил Шомуродовнинг ўзбек халқ эртаклари асосида ёзилган “Нўхат полвон” адабий сценарийси ғолиб деб топилди. Айни пайтда мазкур адабий сценарий бўйича “Ўзбекфильм” киностудияси қошидаги мультбирлашмада тўлиқ метражли мультипликацион фильм ишлаб чиқариш қизғин давом этмоқда.

Мультбирлашма раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мавзур Маҳмудовнинг таъкидлашича, бу ишга Нозим Тўлахўжаев, Дмитрий Власов сингари таниқли режиссёрлар бошчилигидаги мультипликаторлар гуруҳи жалб этилган. Эътиборлиси, мазкур ижодий лойиҳага кўплаб истеъдодли ёш аниматор ва рассомлар ҳам жалб қилинган. Уларнинг анимация соҳасидаги билим ва малакасини ошириш мақсадида мультбирлашмада махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилди.  

Ҳозирги пайтда мультфильм қаҳрамонларининг эскизлари чизилиб, тайёр ҳолатга келтирилди. Шу кунларда эса образларни жонлантириш жараёни бошлаб юборилди. Мультфильмда бир нечта қўшиқлар ҳам ўрин олади. Айни пайтда қўшиқлар матни ёзилиб, уларга куй басталанмоқда.

Енгил юмор руҳи билан йўғрилган ушбу асарда миллий эртакларимизнинг машҳур қаҳрамонлари бошдан кечирган ажойиб-ғаройиб воқеалар орқали ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ростгўйлик, ўзгаларга кўмак бериш сингари болалар учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган эзгу ғоялар тараннум этилади.

“Нўхат полвон” мультфильмини 2015 йилда катта экранларга чиқариш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, “Соғлом бола йили” давлат дастурида ўзбек халқ эртаклари асосида тўлиқ метражли мультипликацион фильм ишлаб чиқариш вазифаси ҳам белгиланган эди.



Манба: www.uzbekkino.uz


 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 17-10-2014

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг