ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Кино

Алишер Узоқов кимни «музлатди»?!

1512
0

-Янги фильмга қўл ўрибсиз, бу фильмингиз нима ҳақида?

 - Томошабиннинг ўзи кўрганда мен бу фильм билан нима демоқчи бўлганимни тушуниб етади. Мен олдиндан ҳеч нарса дея олмайман. Фақатгина жанрини айтиб ўтишим мумкин, бу комедия.

 

- Нега айнан комедия жанрини танладингиз?

- Олдинги суратга олган фильмим драма жанрида эди, энди эса комедия. Менинг ҳаёлимда доим бир нечта ғоялар бўлади, қай бир йўналишдаги сценарийни охирига етказиб, қоғозга тушира олсам, шу йуналишда ижод қиламан. Мен жанр танлаб ўтирмайман, драма суратга олдим, энди эса комедия оламан, комедиядан сўнг трагедия суратга оламан демайман. Агар яна драма жанридаги сценарийим яхши ёзилса яна драмага мурожаат қилишим мумкин.

 

- Нега айнан «Музлаган» деб ном қўйдингиз?

 - Ўзи аслида бу сценарий 3 йил давомида бир неча маротаба ёзилган ва номлар билан боғлиқ турли хил вариантлар бор эди. Биринчи бор ёзилганда, ҳаттоки номи ҳам йўқ эди. Сценарий тўлақонли тайёр бўлганида, мен уни Ёлқин Тўйчиевга ўқитган эдим, шунда улар ўқиб чиқиб, менга «Музлаган» деб ном қўйиш фикрини бердилар  ва менга бу фикр ёқди. Охир оқибат шундай номладим. Чунки бу ном сценарийга жуда мос, ҳақиқатдан ҳам менинг қаҳрамоним тўғри ва кўчма маънода музлайди.

 

- Бундан олдинги фильмингиз «Кузда гуллаган дарахт» ҳам ўзгача ном. Бу номни ҳам кимнидир фикридан келиб чиқиб кўйганмисиз?

 - Йўқ, ўзим узоқ ўйлаб шу тўхтамга келганман.

 

- Ҳозирги суратга олмоқчи бўлган фильмингизга қайтсак, актёрлар жамоаси хақида маълумот берсангиз.

 - Актёрларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, асосий жамоа бу - Адиз Ражабов, Бобур Йўлдошев ва мазкур фильм илк роль ижро этган кинокартинаси бўладиган янги бир актёр билан ишламоқдаман. 4 нафар қаҳрамон, учтасини ҳозир айтиб ўтдим ва охиргиси ўзим.

 

- Бу фильмингиз қайси объектларда суратга олинади?

 - Асосан уйларда, яъни қаҳрамонлар уйларида, боғда, мактаб ҳам бор. Мактабда ўтган даврларини эслашади, бу каби эпизодлар «flashback» деб аталади. Хотира билан боғлиқ эпизодлар кўп ва уларни ўзим таҳсил олган 229-мактабда суратга оламиз.

 

- Кўплаб ижодкорлар тезлик билан фильмни суратга олишади ва премьера қилишга ошиқишади. Сизнинг фильмингиз премьераси қачон бўлиб ўтади?

 - Билмайман, кино тайёр бўлиши билан албатта премьера қиламиз. Менга вақт, мавсум ёки рақобатчиликнинг қизиғи йўқ. Ўзимнинг маҳсулотим қачон тайёр бўлса, оммага ўшанда  тақдим этаман.

 

- Ҳозирги вақтда суратга олинаётган фильмлар савияси ҳақида фикрингиз.

 - Билмадим, ҳеч нарса дея олмайман, чунки ҳозир ўзбек киносини умуман кўрмаяпман.

 

- Олдинларичи? Кўрармидингиз?

- Ҳа, олдинлари кўриб турар эдим.

 

- Чет эл ижодкорларинг фильмларини кўриб турасизми?

 -Ҳа, албатта, уларнинг ижодларини мунтазам равишда кузатаман.

 

- Нима деб ўйлайсиз, бизнинг фильмларга нима етишмайди? Чет эл киночиларидан нималарни ўрганишимиз керак?

 - Биринчи ўринда билим етишмайди, кейин эса маблағ етишмайди. Яна таъкидлаб ўта оламан биздаги ижодкорларда тактика ва ишлаш системаси нотўғри. Шу нарсаларни йўлга қўйиш керак. Лекин бунинг учун жуда кўп йиллар керак бўлади.

 

- Сиз ўзингиз суратга олаётган фильмларингизда шу хатоларни бартараф этаяпман деб айта оласизми?

 - Шу нарсага ҳаракат қиляпман. Чунки мана айтиб ўтганимдай айнан мана шу сценарий 3 йил давомида ёзилган. Пухта ишлаш керак деб ўйлайман. Баъзи инсонлар бор, сценарийни икки ҳафтада ёзиб қўя қолади. Қандайдир натижага эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Мени фильмларимда шундай бўлди. Анча мунча маблағ, вақт сарф қилинди бу фильмга. Мен шошилмадим. Олдимдаги инсонлар билишади бу фильм ўтган йили тайёр бўлиб суратга олиниб бўлиши керак эди, лекин ундай қилмадим.

alt

- Нега бунча вақт сарф этдингиз сценарийга?

 - Биласизми, чунки жуда кўп нарса сценарийга боғлиқ. Сценарий пухта бўлиши керак. Ёзилган нарса одамга таъсир қилмаса, уни суратга олишни ҳожати ҳам йўқ. Агар қоғоздаги ёзмалар кўнглингизга таъсир эта олса, унда бу сценарийга қўл урса бўлади. Шунинг учун, қўлдан келганча сценарий устида ишладим.

 

- Мана ҳозир ўзингиз таъкидлаб ўтдингиз, «Бу фильм учун жуда кўп нарсамдан воз кечдим», - деб, «Кузда гуллаган дарахт» номли фильмингизга тўхталиб ўтсак. Ўзингиз кутган натижага эришдингизми?

 - Айрим сабаларга кўра, бу фильмим кинотеатрлардан олиб ташланди. Бир ой прокатда турди, айрим бир қўш тирноқ ичидаги сабабларга кўра менинг ижод маҳсулим кинотеатрлардан олиб ташланди. Лекин мен бу нарсадан умуман афсусланмайман. Тўғри бунга жуда катта бюджет сарф қилганман, ҳозирги олинаётган тижорат киноларга сарф этилаётгандан 4-5 баравар кўпроқ сарф қилганман. Вақтим ҳам кўп кетган. Баҳорда съёмка жараёнларини бошлаб, кузда съёмкани давом эттирганмиз ва қишга яқин тугатганмиз. Катта ижодий гуруҳ ва катта техникалар ишлатганмиз. Ҳуллас яхши фильм яратиш учун ҳаракат қилганмиз. Бу фильмим намойишлардан олиб ташланганига қарамай, мен бир нарсадан хурсандман, фильм катта кино танқидчилари томонидан яхши қабул қилинган. Ундан ташқари Мустақиллик байрами арафасида телетомошабинлар ҳукмига ҳавола этиш учун экранга чиқарган эдик ва шундан сўнг уларда ҳам илиқ таассуротлар қолдирганлигини эшитиб хурсанд бўлдик.

 

- Ҳозирги кунда жуда кўпчилик фильм суратга олишга қизиқиб қолган. Мана яқинда Азиз Раметовнинг «Арслон Изидан» фильми намойиши бўлиб ўтди. Бу фильм ҳақидаги фикрингиз қандай?

 - Бу фильм Азиз Раметовнинг режиссёрлик фаолиятидаги илк фильми. Албатта биринчи фильмда камчиликлар кўп бўлади. Ўзимнинг илк режиссёрлик ишимда ҳам камчиликлар етарлича бўлган. Бу нарсалар вақт ўтиб камаяди, фақат инсон ўз устида доим ишлаши керак. Азиз Раметов истеъдодли, санъаткорлар оиласидан. Ўйлайманки Азизга озроқ вақт керак ва секин-аста у режиссёрлик соҳасида нималарга қодир эканлигини кўрсатади. Камчиликларини бартараф этиш учун кетма-кет фильмлар суратга олиш керак.

 

- Суҳбатимиз давомида янги актёр билан ишлаётганингиз ҳақида айтиб ўтдингиз. Аксарият фильмларда, ҳаттоки клипларда ҳам бир хил қиёфалардан фойдаланишади. Ҳаттоки ўзингиз ҳам вақтида тўхтовсиз фильмларда суратга тушгансиз. Нима деб ўйлайсиз, одамларни зериктириб кўймаслик учун қиёфаларни янгилаб туриш керакми?

 - Ўша даврда жуда кўп фильмларда суратга тушганимда, одамлар «Алишер Узоқов кўпайиб кетди», - деб  гапиришган ва охир оқибат мен умуман йўқ бўлдим, лекин шунда ҳам одамларимиз: «Алишер Узоқов қани? Нега фильмларда роль ижро этмаяпти?», - деб айтдилар. Бизнинг одамлар на иссиққа, на совуққа  кўнадилар. Йўқ бўлганда қадрига етишни бошлашади. Лекин, янгилик киритиб, янги қиёфалардан фойдаланиб туриш керак ва ҳар бир фильмимда шу нарсага амал қилиб, янги актёрларни кашф этишга ҳаракат қиламан. Чунки кимдир шу инсонларга ҳам туртки бериб, саҳнага олиб чиқмаса, ўзларини чиқиши бу жуда қийин масала. Бунинг учун 99% омад, 1% исътедод керак бўлади. Ўша илк фильмим «Акам буйдоқ»да ҳам Толиб Мўминовни янги қиёфа дея олмайман, албатта. Лекин, у киши мени фильмимдан олдин тижорат фильмларда суратга тушмаган эдилар. Кўпчилик Толиб акани бу рольда кўра олишмаган ва қаршилик билдиришган, лекин мен бу нарсаларга қарамай уларни олишга қарор қилганман. Чунки режиссёр ҳис қила олиши, кўра олиши керак. Ҳар бир режиссёрда айнан мана шу инсон шу рольни яхши ижро этиб бера олади деган тушунчаси бўлиши керак. Кейин яна мана «Кузда гуллаган дарахт»да Зиёдани олиб чиқдик. Тўғри бу қиз ҳозир юлдуз бўлиб кетди дея олмайман, лекин шу фильм унинг ҳаётига қандайдир ўзгартириш киритган.

 

- Алишер Узоқов яна фильмларда роль ижро этадими? Ёки энди бу инсонни фақат ўз ижодига мансуб фильмларда кўрамизми?

 - Агарда жуда ҳам яхши таклиф тушса, сценарий ёқса ўйнашим мумкин. Лекин ҳозирда барча тушган таклифларни рад қилиб келяпман.

 

- Театр ва кино. Ҳар бирининг ҳаётингиздаги ўрни?

 - Биласизми, эркатой фарзандлар бўлгани каби, мен ҳам эркатой актёрларданман. Муқумий театрида ишладим, у ердан кетдим, Ўзбек миллий академик драма театрида ҳам фаолият юритдим, у ердан ҳам кетдим. «Дийдор» театр-студиясида роль ижро этдим, у ердан ҳам кетсам керак (кулади). Мен танламайман. Шунинг учун нима дейишни ҳам билмайман бу саволга.

 

- Инстаграм ижтимоий тармоқдаги саҳифангизда Ёлқин Тўйчиев, Бобур Йўлдошев, Юлдуз Ражабова, Акбархўжа Расуловлар билан сценарий ўқиб ўтирган суратингизга кўзим тушган эди. Янги лойиҳа устида иш олиб бормоқдамисизлар?

 - Ёлқин Тўйчиевнинг янги ижоди устида иш олиб боряпмиз.

 

- Санъаткор, унинг машҳурлиги доим мухлисларда катта қизиқиш уйғотади. Улар нафақат ўзининг кумирларига балки уларнинг оиласига ҳам қизиқишади. Сиз оилангиз, турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз ҳақида умуман гапирмайсиз, расмлар ҳам йўқ. Кўз тегишидан қўрқасизми? Бу борада қандайдир принципларингиз борми?

 - Мен буни ноўрин деб биламан. Кўздан ҳам асраш керак, албатта. Шунинг учун уларни эҳтиёт қиламан.

 

 - Ўзбек эстрадасини тинглаб турасизми? Машинада кетаётиб қандай тароналарни тинглайсиз?

 - Йўқ, умуман тингламайман. Мен ўзимни оламимда яшайман. Шунинг учун ҳеч ким тингламайдиган ноодатий тароналарни тинглайман.

 

- Нимадан илҳомланасиз?

 - Атрофдаги бўлаётган воқеалардан. Муҳим бир нарса ёки буюм, инсон эмас, балки мен билан содир бўлаётган воқеалар мени илҳомлантиради.

alt

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 12-06-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг