alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

«Дадам бетоб» фильми ёпиқ премьераси бўлиб ўтди

Алишер Навоий номли киносаройда  «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ўзбекфильм» киностудиясида ишлаб чиқарилган «Дадам бетоб» бадиий фильмнинг ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди.

alt

«Абдуллажон», «Ватан», «Осмондаги болалар», «Новда», «Хазонрезги» фильмлари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олган таниқли киноижодкор Зулфиқор Мусоқов режиссёрлигида суратга олинган мазкур фильм соҳа мутахассисларининг қизиқиш ва эътирофига сазовор бўлди.

alt

Сабр-тоқат, матонат, мустаҳкам ирода ҳақида ҳикоя қилувчи картинада бугунги ижтимоий муаммолар, ҳаётий қарама-қаршиликлар ўзига хос тасвирларда ифода этилган. Буни оғир хасталикка учраган турмуш ўртоғини оёққа турғазиш учун шаҳарга келиб, киракашлик қилган Азиза, юрт тинчлиги инсонларнинг осойишта ҳаёт кечириши учун ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган терговчи, ҳаётда кўп бор нохақликларнинг қурбонига айланиб охир-оқибат жиноят кўчасига кириб қолган Покиза каби образларнинг тақдири мисолида ҳам кўришимиз  мумкин.

altalt

Картинада асосий ролларни Феруза Саидова (Азиза), Юлдуз Ражабова (Покиза), Фарҳод Абдуллаевлар (терговчи) ижро этган. Эпизотик ролларда эса Раъно Шодиева, Хайрулла Саъдуллаев, Фатхулла Маъсудов ва бошқа профессионал актёрларни учратиш мумкин бўлди.

Фильм ва унинг ижодкорлари ҳақида батафсил билиш мақсадида режиссёр Зулфиқор Мусоқовга юзландик:

alt

- Фильм ҳақида қисқача...

- Бу фильм бугунги кун муаммоларини ўзида акс эттиради. Аслида картина ғоясига бир неча йил олдин қўл урган эдик. Баҳоли қудрат фильм ишини якунлаб, бугун илк тақдимотини ўтказдик.

- Актёрлар ҳақида нима дея оласиз?

- Баҳриддин Абдуллаев аслида актёрлик касбидан йироқ. Лекин шундай бўлишига қарамей, актёрлик маҳоратига эга. Фильмда асосан унинг нигоҳлари билан ишладик. Томошабин унинг кўзларидан маъно уқиб олиши керак эди. Бош рол ижрочиси Феруза Саидовани эса профессионал актриса дея оламан. У ўзимизнинг актёрлар тайёрлайдиган мактабда дарс беради. Оператор Азиз Арзиқулов билан иккинчи марта ишлашим. Ўз ишининг моҳир устаси.

- Фильм актёрларини қайси танлов асосида саралайсиз?

- Шундай суратлар борки, улар «гапиради». Сиз англайсизки, ўйлаётганингизни у юз ифодаси, мулоҳазали қараши билан ифодалаб туради. Мен фильмларимга қаҳрамонларни кўчада кўриб қолиб, танлаган бўлишим ҳам мумкин. Муҳими мен унда ўша образни кўра олсам бас.

- Фильмнинг номига тўхталсангиз. Нега айнан «Дадам бетоб»? Сизда бошқа вариантлар ҳам бўлдими?

- Ҳа, вариантлар кўп бўлди. Дастлаб, «Дадам бетоб» эди. Кейин «Сомон йўли» деб номладик. Аммо баъзи сабабларга кўра яна биринчи номга қайтдик. Фильмнинг бошланиши бетоблик билан бошланади. Эрининг соғайиши учун пул топиш мақсадида аёл ўғли билан пойтахтга пул топиш учун келади. Кейин саргузаштлар бошланади… Айнан шунинг учун ҳам фильмнинг номи «Дадам бетоб».

- Фильмларингизнинг аксариятида тарихга мурожаат этилганини кўришимиз мумкин. Бундан кўринадики, сиз тарихни гавдалантиришни ёқтирасиз. Тарихий фильм олиш ниятингиз ҳам борми?

- Ҳа бор. 1962 йилларни ўзида акс эттирган тарихий фильм сценарийси устида ишлаяпмиз. Кўрамиз, тасдиқдан ўтса, фильм ҳам олинар.

 

Бош роллардан бирида гавдаланган Баҳриддин Абдуллаевнинг фикрларига қулоқ тутдик:

- Зулфиқор Мусоқов билан ишлаш мен учун катта бахт. Аслида санъат соҳасида тахсил олмаганман, лекин қизиқишим бор. Картинада бу сафар салбий образда гавдаландим. Табиатан эса аксинча феъл атворлиман. Аммо режиссёр мендан асосан кўзларимни гапиртиришни асосий вазифа этиб юкладилар. Бир вақтнинг ўзида нигоҳимда муҳаббат ва нафратни гавдалантириш осон кечмади. Лекин қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Насиб этса актёрлик фаолиятимни давом эттирмоқчиман.


Зулфиқор Мусоқовнинг «Дадам бетоб» бадиий фильмнинг катта омма учун прмеьераси 20 январда тақдим этилади.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 13-01-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг