alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

Лафзи ҳалоллар фильми томошабин нигоҳида

Алишер Навоий номидаги киносаройда ёш кинорежиссёрлар томонидан «Лафзи ҳалоллар» бадиий фильмининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. 

alt

Премьера маросими икки босқичда амалга оширилди. Дастлаб киносаройга кириш залида бахмал йўлак қаршисида намойиш меҳмонлари иштирокида таништирув маросими ўтказилди. Унда элимиз ардоғидаги санъаткорлар Достон Убайдуллаев, Даврон Эргашев, Отабек Муталхўжаев, Ботир Яминов, Миржамол Мирзаахмедовлар қатнашди.

altalt

Тадбирни ёш актриса Шаҳзода Муҳаммедова олиб борди. Кейинги қисм бевосита катта залда кенг жамоатчилик ва фильмнинг ижодий гуруҳи иштирокида бўлиб ўтди. Томошабин кўтаринки руҳда, чапаклар билан фильм жамоасини кутиб олди.

alt

Фильмда Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Ахмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, Гулхумор Абдуллаева, Ҳамид Тошпўлатов, сўз устаси Мирзабек Холмедов, ҳамда ёш санъаткорлардан Масрур Усмонов, Шодиёра Омонова, Талъат Йўлдошев, Азиза Бегматова, Ирода Иралиева, Кумуш Ўктамоваларнинг янгича ижроларини кўришимиз мумкин. 

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр: Шуҳрат Нуралиев   
Режиссёр ёрдамчилари: Бахтиёр Болтаев ва Ботир Абдураҳмонов
Грим устаси: Мадинахоним Бозорбоева

alt

Фильмда асосан бугунги кундаги ижтимоий муаммолардан бири бўлган лафзсиз, диёнат ва инсонийликдан чиқиб кетаётган инсонлар ҳақида. Бу дунёда инсонга берилажак синовларнинг муддати аниқ эмас. Мазкур ҳаёт синовлари кўзи ва қулоғи “шира босганлар”нинг покланиши, боши деворга урилгандан кейингина кўзи мошдек очилиши хусусида мулоҳаза қилишга ундайди. Бош қахрамон Бобур ўз билими, меҳнати билан бойлик орттирди. Мана шу бойликка хирс қўйганлар эса унга ўзларини дўст деб кўрсатди. Дўст деб ўртага қўлини узатди. Доим елкадош бўлишга лафз берди. Аммо... Бобур уларни чин дўст деб билди. Маълум муддатлик синов ҳам унга яхшини ёмондан, иймонлини иймонсиздан ажратиб олиш имкониятини тақдим этди. Асл қиёфалар очилди. Оғир кунда дўстлар у ёқда турсин ҳақиқий муҳаббат деб билган суюкли ёри ҳам ундан юз ўгирди. Ҳақиқат букилди, эгилди, лекин синмади. Яхшилик ёвузликни мағлуб этди. Бу ҳаёт қонунияти. Фильмни томоша қила туриб беиҳтиёр шундай кечинмалар ҳаёлдан ўтади. 

alt
 

Фильм режиссёри Шуҳрат Нуралиев картина ғояси ҳақида: 

alt

«Масрур Умонов ижросидаги «Лафзи ҳалоллар» қўшиғини эшитганимдан сўнг, менда ғоя пайдо бўлди. Даставвал бу қўшиққа клип олишни ният қилдим. Кейин ўйлаб қарасам бундай долзарб мавзу биргина клипга сиғмаслиги, умумий мазмунини очиб бериш қийинлигини тушундим ва кенгроқ фильм яратиш айни муддао бўлиш фикри туғилди. Ғояни миямда пухталаб юриб, Масрур билан учрашганимиздан сўнг у ҳам айнан шу фикрни менга айтиб қолди. Фикримиз бир жойдан чиқиб, кино олишни бошлаб юбордик. Фильмнинг асосий кадрлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларида суратга олинди. Умумий съёмка жараёни ярим йил муддатни қамраб олди».

 

Фильмда катта-кичик ролларни ижро этган санъаткорлар фикрига қулоқ тутдик:

Актёр, Талъат Йўлдошев: «Мазкур фильмда кичик эпизотик ролни ижро этганман. Бошқа кинолардаги қахрамонларимдан тубдан фарқ қилади.  Ролим кичик бўлганига қарамай, ҳаётимизда учрайдиган катта аҳамиятга эга худбин, бойликка ўч, дўстига хиёнат қилган инсон образи бўлди. Албатта бироз қийналдим. Чунки умуман ҳарактерингизга тескари ролни ижро этиш  мушкулроқ. Фильм жамоаси менга жуда маъқул келди. Устозимиз бўлган Шуҳрат Нуралиев билмаган жойларимизни ўзлари кўрсатиб бериб, биз билан тенгма-тенг рол ижро этдилар. Лекин қўлдан келганча ишонарли образ яратишга ҳаракат қилдик. Салбий қахрамон образи бўлса-да, лекин томошабинга ишонарли қилиб етказиб берган бўлсам бу мани ютуғим. Қолгани энди жамоатчилик фикрига боғлиқ».

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Лола Элтоева: 

alt

«Фильмда бош қаҳрамон Бобурнинг опаси ролини ижро этдим. Масруржон Усмонов таклиф қилганларида, албатта мен йўқ деёлмадим. Чунки бевосита фильм сценарийсини ўқиб чиққанимда у ердаги воқеалар менинг руҳиятимга жуда қаттиқ таъсир ўтказди. Дўстларнинг хиёнати, инсоний ҳислатларга путур етиши, опа ўз укасини оғир тушкунлик ҳолатидан чиқаришга ҳаракат қилиши мени ўзига жалб этди. Кейин опа ролига розилик билдирдим. Бунақа рол ҳали ижро этмаган эдим. Фильмда ролини маромига етказиб ўйнашга ҳаракат қилган Масрур Усмонов мени ҳайратда қолдирди. У актёр эмас, балки қўшиқчи. Лекин шундай бўлишига қарамасдан Масруржон қўлидан келганча ҳаракат қилди. Керак бўлса актёрлик курсларига қатнади. Шунақа вазиятлар бўлдики, ҳаттоки атрофдагилар образ ҳолатида бўлмаганида, буни ўша ҳолатда бўлганини кўриб тўғриси қойил қолдим. Жамоада биз мароқ билан ишладик. Сабаби режиссёр ҳамкасбимиз ажойиб актёр Шуҳрат Нуралиев эди. Шуҳрат мени лол қолдирди. У ҳам актёр, ҳам ёзувчи, ҳам режиссёр экан. Қизиқарли съёмка жараёнлари ортда қолди. Энди кўрамиз фильмнинг қай даражада қабул қилинишини». 

 

Актриса, Ўктамова Кумуш: «Мен бу ролимдан аввал бир қанча сериаллардан рол ижро этганман. «Лафзи ҳалоллар»да бош қаҳрамон Бобурнинг котибаси ролини ижро этдим. Менинг ролим унчалик аҳамияти катта бўлмаса-да, мазкур фильмнинг ғояси кенг. У ёшларни тарбиявий аҳамият берадиган фильмлардан бири. Бу фильмдан томошабин ўзига яраша, хулоса чиқаришига ишонаман».
 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Гулхумор Абдуллаева:

alt

 «Ҳаётда инсонлар доимо қўшнилари билан баҳамжиҳат яшашга ҳаракат қилиши керак. Чунки яхши кунидаям, ёмон кунидаям шу қўшни жонига оро киради. Лекин беш қўл баробар эмас. Ёмон, меҳрсиз қўшнилар ҳам йўқ эмас. Мен ҳам айнан шундай салбий қўшни ролини ижро этдим. Қўшним жуда қийин аҳволга тушиб қолганда азиз инсони совға қилган буюмини сотишига тўғри келганида унга ёрдам қўлини чўзишнинг ўрнига, ундан янада арзонроқ нархга қимматли буюмини сотиб олади. Бу жуда катта инсофсизлик. Ҳаётдаги бу тоифадаги инсонларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим. Фильмда яхши мавзу илгари сурилган. Истардимки, бу каби иллатлар камайиб бораверсин».

Фильм премьераси томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Бир соатдан зиёд вақт давом этган фильм барчага маъқул келди шекилли, ҳеч ким жойидан силжимай, эътиборини чалғитмай томоша қилди. 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 15-04-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг