Ўзбек киноси 70 Канн Халқаро кинофестивалида
Кинематографияни ривожлантириш марказининг кўмаги остида ёш режиссёр Мухлиса Азизова томонидан суратга олинган «У» номли қисқа метражли фильмда Раъно Шодиева ва Карим Мирходиев каби таниқли киноактёрлар қатори, россиялик машҳур актёр Дмитрий Дюжев ҳам суратга тушган. Бу ҳақда аввал ҳам хабар берган эдик.
Мазкур фильм 70 Канн Халқаро кинофестивалига тавсия қилиниб, фестивалнинг қисқа метражли фильмлар бурчагида (Short Film Corner) кўплаб жаҳон кино ижодкорларининг асарлари қатори намойиш қилинди.
Айни кунларда Марказ директори Ойбек Абдушукуров бошчилигидаги, режиссёр Мухлиса Азизова ҳамда Марказнинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ 70 Канн Халқаро кинофестивалида иштирок этишмоқда. Ойбек Абдушукуровнинг таъкидлашича, мазкур кинофестиваль Ўзбек кинематографиясини дунёга танитиш билан бирга, Марказ ва дунёнинг нуфузли хорижий кинокомпаниялар ўртасида манфаатли алоқаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Эътиборингизга 70 Канн Халқаро кинофестивалида иштирок этаётган Ўзбекистон вакиллари суратларини ҳавола қиламиз.
ИЗОҲЛАР 0