
Режиссёр Мелис Абзалов оламдан ўтди
Бугун, 25 октябр санасида «Келинлар қўзғолони», «Ўтган кунлар», «Майсаранинг иши», «Суюнчи», «Чинор» остидаги дуэль», «Армон» ва кўпгина бошқа фильмлар режиссёри Мелис Абзалов юрак хуружи (инфаркт) сабаб бу ёруғ оламдан кўз юмганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Али Хамраев ўзининг фейсбукдаги шахсий саҳифасида маълум қилган. Маълумотга кўра Мелис Абзалов, Швециянинг пойтахти Стокгольмда, қизи Назира уйида оламдан ўтган.
Али Хамраевнинг фейсбукда берган хабарига кўра ўзбек кино оламида ўчмас из қолдирган режиссёр билан видолашув ва дафн маросими 26 октябрь куни Европа вақти билан Стокгольмда соат 11:00да мусулмонлар қабристонида бўлиб ўтади. Бундай қарор режиссёрнинг оила аъзолари, яъни у ерда яшаб истиқомат қилувчи ўғли ва қизи томонидан қабул қилинган.
Тошкентда эса унинг акаси ва бошқа яқин қариндошлари 26 октябрь куни соат 14:00да, Буюк Ипак Йўли метро бекати, Мухаммад Юсуф кўчаси, 68 уй, 1 квартирада ҳайрлашадилар.
Айни дамда ижтимоий тармоқларда барча мухлислар ва режиссёрнинг дўстлари ва ҳамкасблари яқинларига ҳамдардлик билдиришмоқда. Жумладан режиссёр Мансур Васатти ҳам ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ўз ҳамдардлигини билдирган.

ИЗОҲЛАР 0