alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

«Ёлғон гирдоби» фильмининг премьерасидан

Фильм премьерасида киноижодкорлар билан бирга «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров, бир қатор маданият ходимлари, санъат аҳли, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

alt

Тақдимотни «Ўзбекфильм» киностудияси директори Фотиҳ Жалолов олиб борди. Картинада билиб-билмай миссионерларнинг тузоғига тушиб қолган баъзи ёшларнинг аянчли қисмати акс этган. Фильм ёшларни турли алдовларга учиб, ўзлигини йўқотиш  катта мусибатлар ва жиноятларга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳ этади.

altalt

Фильмда бош ролларни Юлдуз Ражабова, Адиз Ражабов, Райхон Уласенова, Нозим Тўлахўжаев, Ситора Алимжонова, Лола Элтоева, Бойир Ҳолмирзаев ижро қилган. Сценарий муаллифи Элмира Хасанова, тасвирчи Равшан Муҳитдинов.

alt

Юлдуз Ражабова:

alt

«Фильм ўз номидан келиб чиққан ҳолда ёлғон ва унинг оқибатлари ҳақида. Унда кўтарилган ғоя менинг назаримда – ёлғонга ишонмаслик, ўз фикрига эга бўлиш, қалбини эшитиш ва унга таяниш. Бу картинадаги ролим орқали адашган аёл образини талқин қилганман. Фарзанди оғир хасталикка чалинган аёл боши берк кўчага кириб қолади. Қандай бўлмасин уни сақлаб қолиш илинжида бўлган қаҳрамоним ёлғонларга ишониб қолади. Албатта унинг бошқа чораси ҳам бўлмайди. Фильмдаги воқеалар ривожида қаҳрамоним ҳақиқатга етишади. Умид қиламанки, бу фильмимиз томошабинларга ёқади».

Ситора Алимжонова:

alt

«Бу фильмдаги ролим, давлат фильмларидаги биринчи яъни дебют ролим ҳисобланади. Жудаям жиддий картина. Бошқа фильмларимдан бутунлай фарқ қилади. Унда профессионал актёр ва актрисалар йиғилган. Ўзим учун бу картинадан катта дарс олдим десам янглишмайман. Сюжети ҳам бироз оғирроқ. Танланган мавзуси ҳам умуман бошқача. Образимга келадиган бўлсак ўзимни яратганман. Фильмдаги исмим ҳам Ситора. Кичкинагина, соддалиги, ёшлиги бор қиз. Шунинг учун ҳам алданиб қолади».

Райҳон Уласенова:

alt

«Авваламбор барча мухлислардан узр сўрайман. Чунки бу фильмда мен алданиб қолмасдан, балки алдашга ҳаракат қилганман. Бу ролимдан кейин мухлислар мени ёмон кўриб қолмайди деган яхши ният билан келганман. Очиғини айтсам озгина қўрқиб турибман. Ҳақиқатдан ҳам салбий ролдаман. Тушкунликка тушиб қолган инсонларни, уларнинг ҳолатидан фойдаланган ҳолда ёлғонларимизнинг гирдобига туширадиганлар образини яратганман. Фильмни томоша қилган томошабинлар янада огоҳ бўлишади. Чунки атрофимизда фақат яхши инсонлар эмас, балки ёмонликни раво кўрадиган, яхшилик ниқобини кийганлар ҳам борлигини англаб етишади. Ўйлайманки, картина ўз мухлисларини топади ва кўплаб инсонларни ана шундай ёлғонлар чангалига тушиб қолишидан қутқаради».

 

Адиз Ражабов:

alt

«Катта ҳаяжондамиз. Фильмдаги ролим ҳақида томошабин кинони кўриб, албатта баҳо беришади ва уларга ёқади деб умид қиламан. Шуни айтиб ўтишим керакки, бу фильмнинг мавзуси жуда жиддий, бугунги долзарб мавзулардан биттаси. Инсонларни онгини, фикрини заҳарлайдиган маконлар, инсонлар тўғрисида.Яхшиям-ки, мен ана шундай инсонлар орасида эмасман. Яхшилик томондаман».

Фильм премьерасига бир қатор ижодкорлар иштирок эта олмадилар. Улар янги лойиҳалар билан чет давлатга гастрол сафарига жўнаб кетишганлиги тақдимот давомида маълум қилинди.  Жумладан картина режиссёри Нозим Тўлахўжаев, Лола Элтоева.

Картинани бугун, 17 апрелдан бошлаб юртимиз кинотеатрларида томоша қилиш имконига эгасиз.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 17-04-2018

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг