Ботир Қодировнинг концерт дастуридан
Айни кунларда «Истиқлол» санъат саройида хонанда Ботир Қодировнинг концерт дастури бўлиб ўтмоқда. Хонанданинг 6 ноябрга қадар давом этадиган концерт дастурида сайтимиз билан меҳмонда бўлдик.
Хонанданданинг ўтган йилги концерт дастури ҳам жуда ажойиб, ўзгача, ранг-баранг бўлган эди. Бу йилги дастурида ҳам худди шу анъана давом этди десак муболаға бўлмас.
Дастурни маҳоратли журналист ва бошловчи Камола Эрматова жуда ҳам ажойиб, оҳори тўкилмаган сўзлар билан бошлаб берди.
Хонандани мухлислар гулдурос ва давомли қарсаклар билан кутиб олишди.
Дастурда бирин кетин «Ассалом», «Бир бўса бер», «Эй одам» каби бир-биридан ажойиб тароналар куйланди.
«Бу йилги дастуримизда мумтоз адабиётимизнинг дурдоналаридан кўпроқ куйлашга ҳаракат қилдик»,-дея алоҳида таъкидлаган хонанда мухлисларнинг давомли қарсаклари остида қолиб кетди.
Ҳар бир бўлимни бошқа бўлимдан хонанданинг шогирдлари ажратиб турди. Яъни биринчи бўлим тугаши билан хонанданинг Аброр Азизов исмли шогирди қўшиқ куйлаган бўлсак, иккинчи бўлим сўнггида Ахрор Маҳмудов исмли шогирди саҳнада чиқиб ўзининг шўх таронасини куйлади.
Хонанданинг «Эй дўстим», «Сенга нима бўлди», «Бор этолмас» сингари қўшиқларини барча мухлислар хонандага жўр бўлиб куйлади. Яна бир кутилган қўшиқ яъни «Жим туринг» деб номланган тарона бу сафарги дастурда янграмади.
Хонанданинг «Балли-балли», «Жон-жоним ўйнанг, жон-жигарим ўйнанг», «Қилпиллама» деб номланган рақсбоп, шўх тароналари йиғилган мухлисларнинг кайфиятини кўтариб, қўшиқ ритмига мос ҳаракатлар қилишига замин ҳозирлади.
Дастурда раққосаларнинг деярли ҳар бир қўшиққа алоҳида ёндошиб тайёрлаган рақслари ҳам таҳсинга лойиқ. Уларнинг кийимларига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Бундан ташқари машҳур ҳинд филми «Dilwale»-«Севишганлар» фильмининг саундтреки хонанда томонидан куйланиши мухлислар томонидан жуда ҳам яхши кутиб олинди. Хонанда бундай қўшиқ куйлашини биз ҳам кутмаган эдик.
«Мусофирнинг» деб номланган тарона хонанданинг бир нафасда ўтиб кетган дастурига якун ясади. Очиғи икки соатлик дастур қандай тугаб қолганини мухлислар ҳам, биз ҳам билмай қолдик.
Олдинда хонанданинг яна уч кунлик дастури тақдим қилинади.





ИЗОҲЛАР 0