Концертлар ва шоу
Фаррух Зокиров ва Насиба Абдуллаева билан ижодий учрашув
Пойтахтимизда жойлашган
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 27 октябр кунидан
“INFOLIB-2014” III миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўз ишини бошлади. Ҳафталик доирасида турли тадбирлар ўтказилди. Ушбу ҳафталикда қатнашиш истагида бўлган барча учун кутубхона эшиклари очиқ бўлди.
Ҳафталикнинг ҳар бир кунида турли учрашувлар, семинарлар, презентациялар, маҳорат дарслари, интерфаол тренинглар, маърузалар,фотокўргазмалар бўлиб ўтди.
Биз ҳам ушбу ҳафталикка жамоамиз билан ташриф буюриб, Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Закиров ва Насибахоним Абдуллаева билан уюштирилган ижодий учрашувда иштирок этдик.
Ўзбек эстрадасининг мега юлдузлари, афсоналари бўлмиш бу икки санъаткор билан учрашувга турли ёшдаги ҳамюртларимиз ташриф буюрган бўлиб, зал икки санъаткор ижоди мухлислари билан лиқ тўлган эди. Икки соатлик учрашув, уч соат давом этди, аммо бу бўш ўриндиқлар қолмай, тик оёқда турган ва Фаррух Зокиров ва Насибохоним Абдуллаеваларни кўриш иштиёқида бўлган мухлисларга, кечадан ҳақиқий завқ олишга ҳалақит бермади.
Ижодий учрашув жуда дўстона ва самимий руҳда кечди. Фаррух Каримович ва Насибахоним Абдуллаева бутун учрашув давомида мухлислари билан самимий мулоқатда бўлдилар.
Учрашувда содда, ижодий фаолиятларига, қўшиқ яралиш тарихига тегишли ва турли ҳил қалбдан берилган саволлар янгради.
Учрашув фақатгина мухлис ва санъаткор ўртасидаги савол жавоб билан ўтмади, кечага ташриф буюрганлар Фаррух Закиров ва Насибахоним Абдуллаева шарафларига самимий қалб сўзлари, инсонийлик, одамгарчилик каби фазилатлари учун катта ташаккур сўзларини ҳам айтиб ўтишди.
Ижодий учрашувнинг энг ажойиб нуқтаси бу мега юлдузларимизнинг жонли ижродаги биргаликда ва алоҳида энг хит қўшиқларини ижро этганликлари бўлди.
.JPG)
.JPG)
.JPG)
.JPG)
Фаррух Зокиров ва Насиба Абдуллаева ўзларининг хит қўшиқларини, ижро этар экан мухлислар олқишлари тинмас, "браво" сўзлари янграй эди. Ҳар бир қўшиқ улкан шодлик туйғуси билан кутиб олинди, баъзи ташриф буюрганлар эса мусиқа садоларидан ўзларини ушлаб туролмай рақсга ҳам тушиб кетишди.
Маҳоратли созандалар ижросидаги қўшиқ куйлари ва мега юлдузларнинг ноёб овозлари жаранги ҳар бир ташриф буюрган инсоннинг қалбига улкан бахт туйғусини олиб кирди. Айтилган қўшиқлар барчаси жонли тарзда ижро этилди. Бу кечада ҳеч қандай соҳталик бўлмади, қўшиқлар ҳам, айтилган сўзлар ҳам жонли қалб тубидан чиқди.
Ушбу тадбирдан биз шуни англадикки, санъаткорларимиз ҳам, уларнинг мухлислари ҳам айнан шундай илиқ, самимий учрашувларни жуда ҳам соғинган эканлар. Ҳамма мароқ билан ижодий учрашувда ўтирди ва ҳеч бир киши қандай қилиб бу уч соат ўтиб кетганлигини сезмай қолди.
Сўзимиз сўнггида эса, ижодий учрашувда иштирок этган ҳар бир киши ҳақиқий маънавий озуқа олиб кетди деб, ҳеч бир шубҳасиз айта оламиз.
Kunutun.uz нинг
Telegram’даги расмий
каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси:
31-10-2014
ИЗОҲЛАР 0