
Фарух Раимовдан "Кўнгил боғим" номли илк альбом
Пойтахтимизда, 22 март куни яна бир мусиқий альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Ёш истеъдодли хонанда Фаррух Раимов ўзининг «Кўнгил боғим» номли илк альбомини Shedevr garden масканида санъатдаги дўстлари, яқин инсонлари даврасида тақдим этди.
Тақдимотга келган меҳмонлар орасида Улуғбек Раҳматуллаев, Шаҳзода Муҳаммедова, Абдурашид Йўлдошев, Жаҳонгир Отажонов, Достон Убайдуллаев, Юлдуз Турдиева, Севара Солиева ва Мамур Султонов, Даврон Эргашев ва кўпгина эстрадамизнинг машҳурларини кўриш мумкин бўлди.
Ташриф буюраётган меҳмонларни ҳаяжонда кутиб олаётган хонанда Фаррух Раимовни сўзга тутар эканмиз, у илк мусиқий тўплами ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди:
“Мана бугун илк альбомимни устоз санъаткорлар даврасида тақдим этаман. Уни яралишига тўрт йил вақт кетди. Яралиш даврида қийинчиликлар, бир оз танаффуслар ҳам бўлди. Альбомни «Кўнгил боғим» деб номлашимни сабаби, ҳамма қўшиқ қалбдан ижро этилган. Қўшиқларим Онага, Ватанга, суюкли ёрга, дунёга бўлган муҳаббат ҳақида. Барча қўшиқларим устозлар билан маслаҳатлашган ҳолда яралган. Ижодкорлардан Иқбол Муҳаммаджонов, Бобур Умаров, Ботир Эргашев, Мусахон Нурматовлар билан ишладим”.
Дўстона муҳитда ўтган альбом тақдимотида меҳмонлар хонанда ижросидаги қўшиқлардан баҳраманд бўлишди. Ҳамкасблар сўзга чиқиб ўз фикрлари, тилакларини билдириб ўтишди.
Фаррух Раимовнинг альбомида 18та қўшиқ бўлиб, улардан 8тасига ишланган клиплар ҳам жой олган.
Ёш истеъдодли хонанда Фаррух Раимовнинг илк альбоми ўз тингловчиларини топишига тилакдош бўлиб, келгуси ижодида улкан зафарлар тилаб қоламиз.

ИЗОҲЛАР 0