Озодбек Назарбековнинг «Меҳринг сабаб» концертидан
Муҳташам «Истиқлол» санъат саройида Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг жорий йилдаги ўн кунлик «Меҳринг сабаб» номли навбатдаги концерт дастурига старт берилди.
Ҳар йилгидек, муҳташам сарой хонанданинг ашаддий ва вафоли мухислари билан тўлди. Концертда хонанда ва унинг созандалари барчага жонли ижродаги дастурни тақдим этдилар.
Муҳташам саҳна декорациялари, чироқлар «ўйини», гўзал раққосалар хироми концерт дастурига янада кўрк бағишлади.
Озодбек Назарбеков қўшиқларни жонли ва юракдан чиқариб ижро этдилар. Ҳар бир тарона мухлис қалбидан жой олиши учун жон куйдириб, бутун вужуд билан куйланиши катта аҳамиятга эга. Озодбек Назарбеков ҳар концерт дастурида айнан мана шундай, қўшиқларни дилдан ижро этади.
Хонанданинг «Меҳринг сабаб» концерт дастурида «Айт юрак», «Нега», «Битта йўлда», «Бевафо», «Кетаман ёр», «Атиргулим», «Наргиз», «Эй, дилбар кел...», «Севдим», «Айланай», «Жиги-Жиги», «Алло, она» каби ва бошқа мухлисларга яхши таниш ва севимли тароналар жаранг сочди.
Шунингдек, дастурда яхши кайфиятни кулгу устаси Аваз Оҳун ўз ҳазиллари билан таъминлади. Мухлислар севимли хонандалари қўшиқларига рақсга тушишни, гулдасталар, махсус совғалар ҳадя этишни ҳам унутмадилар.
Шубҳасиз, Озодбек Назарбековнинг концерти ҳар йили мухлислар томонидан кутиладиган дастурлардан биридир. Ўн кунлик концертнинг биринчи куни ажойиб ва яхши кайфиятда ўтди. Концертнинг кейинги кунлари олдинда.
Сиз азизлар, 20 апрелга қадар давом этадиган концерт дастурига тушиб, баҳраманд бўлиш имконига эгасиз.


Озодбек Назарбеков концерти илк кунининг энг ёрқин дақиқалари мухрланган лаҳзаларни бу ерда томоша қилинг.





ИЗОҲЛАР 0