Қизиқчи Аваз Охуннинг концерт дастуридан
«Истиқлол» санъат саройида қизиқчи Аваз Охун концерт дастурини кулгу шайдоларига тақдим этди. Дастурда сайтимиз билан меҳмонда бўлдик.
Концерт дастурида хонанда Алижон Исоқовнинг ҳам меҳмон бўлиши эълон қилинган эди. Тўрт кунлик дастурнинг илк куни жуда ҳам кўтаринки кайфиятда бошланди.
Аваз Охун кундалик ҳаётимизда ҳар доим фойдаланадиган, аммо у гапларни кулгули эканлигини билмайдиган сўзларимиздан ажойиб ҳазил мутойибалар ўйлагани, бу ҳазилларни мухлислар жуда ҳам яхши кутиб олишди.
Дастур уч бўлимдан иборат бўлди. Биринчи бўлимда Аваз Охун ўзининг ичак узди ҳазиллари билан мухлислар кўнглини хушнуд қилди.
Иккинчи бўлим бошланишида Аваз Охун «Устозимиз Ҳожибой Тожибоевнинг сўнгги концертларида хонанда Алижон Исоқов меҳмон бўлган эдилар. Бугунги дастуримизда ҳам хонандани меҳмон сифатида таклиф қилганмиз, улар фақат ва фақат жонли ижрода куйлайдилар», дея хонанда Алижон Исоқовни саҳнага таклиф қилди. Хонанда «Зилола», «Жийрон», «Нозанин» каби шўх қўшиқларни куйлади.
Дастурни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ўткир Сиддиқов олиб борди.
Аваз Охун учинчи бўлимни кулгули эълонлар билан бошлаб берди. Ҳақиқатдан ҳам унинг «коса тагида нимкоса» ҳазилларида жон бор эди, бугунги кунда кўпчиликнинг эътиборсизлиги туфайли оддийгина имловий хатолар натижасида кулгули ҳолатлар кўп содир бўлмоқда.
Бундан ташқари қизиқчи шогирди билан ҳам саҳнавий кўринишлар қилди.
Қизиқчининг мухлисларга энг ёққан ҳазилларидан бири аёлларнинг азадаги ҳолати десак ҳам муболаға бўлмайди. Қизиқчи кўпчилик аёлларнинг азада сохта ҳаракатларини ажойиб, захарханда кулгу йўли билан кўрсатиб бера олди.





ИЗОҲЛАР 0