Абдулла Орипов сешанба куни дафн этилади
Ўтган ҳафтанинг сўнггида ўзбек халқи ва адабиёти оғир жудоликка юз тутди. Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов оғир касалликдан вафот этдилар. Бу ҳақда аввал ҳам хабар берган эдик.
6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот ҳизмати, Халқ шоири вафоти ҳақида расмий хабар берган:
«Маҳаллий вақт билан 2016-йил 5-ноябрга ўтар кечаси Хюстон шаҳридаги (АҚШ, Техас штати) касалхонада Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг 75 ёшида вафот етди. Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг оиласи ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этади. Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келишга ва ўз ватанида дафн қилишга қарор қилган Абдулла Ориповнинг оила аъзоларига ёрдам бериш учун Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Элчихонасига консуллик ва бошқа масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш тўғрисида кўрсатма берилди».
Шоир Мухаммад Исмоил эса фейсбукдаги саҳифасида Абдулла Орипов жасади АҚШдан душанба, яъни 07 ноябрь куни соат 20:00да юртимизга келтирилиши ва дафни маросими 08 ноябрь, сешанба куни пешинда «Чиғатой» қабристонига дафн этилишларини маълум қилган.
Лола Каримова-Тиллаева ўзининг ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг оиласига чуқур таъзиясини билдирди:

«Ўзбекистон адабиёти оғир жудоликка учради. Куни кеча халқимиз ўзининг яна бир улуғ фарзандидан ажради.. Абдулла Орипов бизнинг ғуруримиз, фаҳримиз эдилар. Бу инсоннинг шеърлари билан катта бўлдик, улғайдик, тарбия олдик. Ёшлигимиздан бизни эзгулик томон ўз шеърлари билан етаклаб борган севимли шоиримиз эдилар. Шоирнинг “Хайр энди”, “Ёлғизлик”, “Савоб”, “Қассам дарра”, “Онажоним”, “Дунёни қизғанма”, “Сен Пушкиннинг севган малаги...”, “Баҳор” каби шеърлари, “Жаннатга йўл” каби поэмалари халқимиз қалбини абадул абад забт этди.
Абдулла Орипов жисман ўлимга таслим бўлди, лекин унинг шеърлари ўлмасдир, улар ҳеч қачон, юз йиллар ўтар, минг йиллар ўтар, ўлимга таслим бўлмагайлар, демак Абдулла Орипов бизнинг қалбимизда, келажак авлодимиз қалбида мангу яшайди. У замонамизнинг Навоийси, Абдулла Қодирийси эди. Абдулла аканинг оилаларига чуқур таъзиямизни билдирамиз. Жойлари жаннатдан бўлсин. Оҳиратларини меҳрибон Парвардигор обод қилсин.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.
Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.
Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.
(Абдулла Орипов, Сентябрь 2016 йил)».





ИЗОҲЛАР 0