Azucar Moreno дан янги барқарор мода тўплами
Пандемия даври кўпчилик дизайнерларнинг фаолиятига ўз таъсирини кўрсатди ва Камола Рустамова ҳам бундан мустасно эмас. Кутилмаган ва номаълум муддатли мажбурий таътил дизайнер томонидан яратилган аввалги тўпламнинг ғоясини тубдан ўзгартириб юборди.
Камола Рустамова, Azucar Moreno бренди асосчиси:
«Биз тўплам устида ўтган йили пандемия бошлангунга қадар ишлашни бошлаб юборган ва Париждаги мода ҳафталигига тайёрланаётган эдик. Тўпламда асосий урғуни кўп қаватли узун кўйлакларга бергандик. Аммо, карантин туфайли тадбир маросими кейинга қолдирилди, шунда қанчалик саёҳат қилишни соғинганимни тушуниб етдим. Узоқ кутилган учта саёҳат бекор бўлди. Шундан сўнг, мен Ўзбекистон бўйлаб саёҳатчи қизларинг эскизларини чиза бошладим».
Тўпламнинг моҳияти ўзгарди ва миллий анъаналарнинг руҳини замонавий тенденциялар билан бир-бирига боғлаб турадиган ўзбек этник мотивлари мавжуд пижама услубига айланиб кетди.
Тўпламнинг долзарблиги унинг қулайлиги ва миллий нақшларимизнинг бетакрор гўзаллигида.
Бухородаги фотосессия учун дизайнер Юксак мода подиумларида муносиб ўринни эгаллаган хон атлас ва беқасамдан фойдаланган.
«Ўтган мавсумларда жаҳон дизайнерлари ўртасида хон атлас машҳур бўлган эди. Бу йил эса таниқли брендлар беқасамга ўтишди».
Илгари беқасамдан эркаклар ташқи кийимларини тикиш учун фойдаланишган бўлса, кейинчалик аёллар учун узун кўйлаклар устидан кийилган чопонлар кўринишида кузатиш мумкин бўлди. Янги коллекцияда дизайнер 50% ипак ва пахтадан иборат қўлда тўқилган винтаж беқасамдан фойдаланган. Мато Марғилонда тўқилган бўлиб, Камола ипларни бўяш ва чўзишда бевосита ўзи иштирок этган.
Коллекциянинг ўзига хослиги экологик томони бўлиб, у орқали Камола Рустамова табиатни ва экологияни асраш қанчалик муҳимлигини ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан кийим яратиш мумкинлигини етказмоқчи. Шундай қилиб, чопонлар ва кимоно sustainible fashion (барқарор мода) йўли билан винтаж ипак ва пахта матолардан, енглари эски қўл каштаси, астарлар ва этаклари эски рўмодан тикилган.
Sustainable fashion ёки барқарор мода — бу уч асосий омил уйғунлигига мувофиқ кийим яратиш ва истеъмол қилиш жараёнидир: ишлаб чиқаришда инсон ресурсларидан ахлоқий фойдаланиш, атроф-муҳитни сақлаш ва иқтисодиётда мувозанатни сақлаш.
«Мен тренд ва модани яратмайман. Мен маъно ва тарихга эга бўлган кийимларни яратаман. Мерос қилиб олинадиган кийим. Ва энг муҳими бу экологияга зарар бермайдиган винтаж матолардан фойдаланишдан бошлаб, slow fashion ишлаб чиқариш жараёни билан якунланган кийим. Шундай қилиб, мода экология билан мукаммал уйғунликда».
ИЗОҲЛАР 0