Тарғибот тадбирлари Самарқандда
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларида жорий йилнинг март-декабрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган тарғибот тадбирлари давом этмоқда. Эндиликда маданият ва санъат намоёндалари иштирокида «Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» мазмунидаги тарғибот тадбирлари Самарқанд вилоятида ўтказилмоқда.
Тарғибот тадбирлари 16 май куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳаридаги 17та умумтаълим мактаблари, 25та касб-ҳунар академик лицейи ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда 8та олий ўқув юртида ташкил этилди.
Тарғиботнинг биринчи кунида вилоятнинг олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ва умумтаълим мактабларидан жами 14 685 нафар ўқувчи ёшлар 90 нафардан зиёд таниқли санъаткорлар билан учрашдилар. Шулардан 800 нафари уюшмаган аҳолини ташкил этади.
Белгиланган режага қўшимча равишда Самарқанд санъат коллежи концерт залида уюшмаган ахоли учун элимиз суйган санъаткорлар билан концерт дастури уюштирилди.
Тадбир давомида тарғибот гуруҳлари вакиллари томонидан миллий қадриятларимиз, маданий меросимиз, уларнинг жамиятда ва ҳар биримизнинг ҳаётимизда тутган ўрни, турли диний-экстремистик оқимларга кўр-кўрона кириб кетишнинг салбий ва аянчли оқибатлари, фарзандларнинг ўз ота-оналари ва Ватани олдидаги бурчлари, касб ва ҳунарга эга бўлишнинг аҳамияти тўғрисида, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, юртга садоқат каби мавзуларда маърузалар ўқиб эшиттирилиб, фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.
Матбуот анжумани сўнгида тарғибот гуруҳи аъзолари мазкур ўтказилаётган тадбирлар мазмун-моҳияти тўғрисида талабалар саволларига жавоб беришди.
Тарғибот тадбирлари 21 майга қадар давом этади.





ИЗОҲЛАР 0