
Zaamin Ultra ультрамарафони бўлиб ўтди
Зомин миллий табиат боғи ҳудудида 26-27–июнь кунлари Zaamin Ultra маданият ва спорт фестивали бўлиб ўтди. Фестивальнинг биринчи куни меҳмонлар учун кўнгилочар дастурлар ташкил этилди, жумладан, электрон мусиқа концерти, ҳаво шарларида сайр қилиш, болалар учун батут ва варраклар уюштирилди.
Иккинчи куннинг спорт дастури 50 км (ультрамарафон), 21 км, 10 км масофага югуриш, шимолий пиёда юриш ва янгилар учун 2 км узунликдаги югуриш мусобақаларидан иборат бўлди.
50 км масофада биринчи ўринни Наманган шаҳридан Қурбоналиев Дониёр, иккинчи ўринни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридан Таниев Нодир, учинчи ўринни эса Тошкент шаҳридан Зинуров Рафаэл эгалладилар. Жами 29 нафар ультрамарафончи финиш чизиғига етиб келди.
Ультрамарафон ғолиби Қурбоналиев Дониёр 10 ёшидан енгил атлетика билан шуғулланган ва 2017 йилда узоқ масофага югуришга ўтган. Дониёр бундан аввал 12 та ярим марафон ва 6 та марафонда иштирок этган.
Ультрамарафон – бу 42 км 195 метрлик анъанавий марафон масофасидан узоқроқ бўлган исталган югуриш. Ультрамарафонлар бутун дунё бўйлаб ўтказилиб келинади ва ҳар йили унда 70 000 дан ортиқ одамлар қатнашади.

ИЗОҲЛАР 0