
Мини-футбол бўйича Осиё Чемпионати бошланди
“Ўзбекистон” спорт мажмуасида 10 февраль куни мини-футбол бўйича Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон мини-футбол бўйича Осиё чемпионатига учинчи бор мезбонлик қилмоқда.
Чемпионат баҳсларида қитъамизнинг энг кучли 16 терма жамоаси нафақат ғолиблик, балки Колумбияда бўладиган навбатдаги Жаҳон чемпионатига бериладиган 5 йўлланма учун кураш олиб бормоқда. Демак, мусобақада юқори натижа кўрсатган энг кучли бешта жамоа Колумбияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Куни кеча, илк учрашувларда Ўзбекистон футзал терма жамоамиз аъзолари дастлабки ғалабалага эга бўлишди, яъни Саудия Арабистон жамоасини 5:2 ҳисоб билан мағлуб этдилар.
Мусобақаларда жамоалар тўртта гуруҳга бўлиниб, баҳс олиб бормоқдалар:
“А” гуруҳи: Ўзбекистон, Ливан, Қирғизистон, Саудия Арабистони;
“В” гуруҳи: Эрон, Ироқ, Хитой, Иордания;
“С” гуруҳи: Вьетнам, Таиланд, Тожикистон, Хитой –Тайпейи;
“D” гуруҳи: Япония, Австралия, Қатар, Малайзия.
Куни кеча, “А” ва “В” гуруҳлари ўртасида дастлабки ўйинлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистон – 5:2, Ливан ва Қирғизистон - 4:4, Ироқ ва Хитой – 6:1, Эрон ва Иордания – 6:0.
Бугун “С” ва “D” гуруҳларида баҳслар бошланади.
Ўзбекистон футзал терма жамоаси 12 феврал куни Қирғизистонлик футболчилар билан куч синашадилар.

ИЗОҲЛАР 0