Жаҳоннинг энг гўзал масжидлари
Маккадаги Ал-Харом Масжиди, Саудия Арабистони
Маккадаги Ал-Харом масжиди муқаддас Каъба атрофига қурилган. У Ислом оламининг энг асосий ва бош масжиди ҳисобланади. Мусулмонларнинг муқаддас қароргоҳининг умумий майдони 4008000к.м. Масжид 9та минора билан ўралган бўлиб, ҳар бирининг баландлиги 95м. Макка шаҳридаги масжид ҳар бир мусулмон учун энг муқаддас, гўзал қароргоҳ ҳисобланади.
Мадинадаги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) масжиди
Ушбу масжид катталиги ва нуфузи жиҳатидан дунёда иккинчи ўринда туради. Ислом меъморчилигининг энг нозик жиҳатларини ўзида мужассам этган масжиднинг қурилиш ишлари 622 йилда бошланган. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) айнан шу ерга дафн этилган.
Шайх Зайд Масжиди – Абу-Даби, БАА
Шайх Зайд Масжиди дунёдаги энг катта олтита масжидлардан бири. Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид БАА биринчи президенти Зайд ибн Султон ан-Нахайана шайх шарафига унинг исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланган бўлиб, масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Мажмуага бир вақтнинг ўзида 40000та намозхон сиғиши мумкин. Асосий намозхона 7000та ибодатчига мўжалланган. Унинг ёнида жойлашган иккита залнинг ҳар бири эса 1500 кишига мослаштирилган. Икки хона ҳам аёлларнинг ибодати учун мўлжалланган. Масжидга шунингдек, дунёдаги энг катта гилам солинган. Бу гиламни бир йил давомида 1000та тўқувчи тўқиган.
Низомий Масжиди, Йоханнесбург, Жанубий Африка
Масжид Йоханнесбургнинг шимолий қисмида жойлашган. Иншоот 4та минорадан иборат бўлиб, ҳар бири 55 метрни ташкил қилади. Масжиднинг қурилиш ишлари 2009 йилда бошланган. Мажмуа Усмонийлар архитектураси услубида қурилган. Расмий очилиши эса 2012 йилнинг 4 октябрида ЖАР президенти иштирокида бўлиб ўтган. Низомий мажмуаси ўз ичига масжид, мактаб, шифохона ва савдо марказини олади.
Носир ал Мулк масжиди, Эрон
Носир ал Мулк масжиди, Эроннинг энг қадимги Шероз масжидларидан биридир. Бу масжид 19 асрда Хўжа Мирза Хасан Алихон Носир-ал Молк томонидан Широз марказий кўчасида қурдирилган. Масжид Эрондаги энг машҳур ва кўп суратга олинадиган масканлардан бири ҳисобланади. Носир ал Мулк ташқарисидан Эроннинг бошқа масжидлардан ҳеч ҳам фарқ қилмайди. Унинг бетакрорлиги интерьерида бўлиб, деворлари рангли шиша бўлаклари ва мозаикалар билан безатилган. Витражли ойналардан қуёш ўз нурини сочганда эса иншоот турли ранглар жилоси билан тўлиб кетади ва масжид бетакрор тусга ва кўринишга эга бўлади.
Султон Қобус Масжиди – Мускат, Омон
Султон Қобус масжидининг майдони 416000 квадрат метр бўлиб, қурилиш ишларида 300 000 тонна қумтош ишлатилган. Масжиднинг асосий намозхонаси 6500 кишига мўлжалланган. Энг катта қўл иши бўлган гилам ва Swarovski қандили эса иншоотга янада кўрк бағишлайди.
Шоҳ Файсал масжиди, Покистон
Дунёнинг энг катта масжидлари орасида тўртинчи ўринда турадиган Шоҳ Файсал масжиди 90 метр баландликдаги тўрт минора билан ўралган. Масжид 5 минг кв. Метр майдонга эга бўлиб, 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади.
Шоҳ масжиди, Эрон
Эрон шоҳи Аббос I (1587 - 1629) буйруғи билан Исфахон шаҳрида қурилган масжид қурилиши 1612 йил бошланиб, 20 йил давом этади. Иншоотнинг ўзига хос томонларидан бири, масжид ичида жуда паст овозда гапирилса ҳам масжиднинг барча нуқтасида эшитилади. Масжид гумбази ҳам ўзига хос қурилган бўлиб, имомнинг маърузаларини барча бирдек эшита олади. Бундан ташқари, ҳар қандай овоз 20 маротаба акс садо беради.
ИЗОҲЛАР 0