ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
People

Феруза Норматова билан суҳбат

2945
0

— Кўпроқ театрда фаолият олиб борасиз. Сиз учун спектаклда роль ижро этиш қийинроқми ёки кинодами?
— Албатта спектаклда. Чунки томошабин кўз олдида жонли ижро. Ҳозир Diydor театр-студиясида режиссёримиз Баҳодир Йўлдошев бошчилигида «Аршин мол олон» спектаклини саҳналаштирдик. Унда ашула ва рақслар жонли. Бундан ташқари, саҳнамиз томошабинга жуда яқин. Кинода тўхташ мумкин, қайта дубль бор. Лекин саҳнада бунинг имкони йўқ. Шунақа пайтлар бўлади, ҳаяжонланганимиздан гапимиз ёдимиздан кўтарилади. Баҳодир Йўлдошевни услублари ўзгача. Аввало ҳар бир ролни ўзимиз чин дилдан ҳис этиб, мазза қилишимизни истайдилар, уқтирадилар.

— Diydor театр-студиясидаги фаолиятингиз ҳақида бироз гапириб берсангиз.
— Ўзбек Давлат драма театрида ишлаганимда, 7 ой малака ошириш мақсадида «Дийдор»га қатнаганмиз. Ўша пайтлардан шу ерга меҳрим тушган, ишлагим келарди. Муддатимиз тугаб, у ердан кеттик. Ҳеч қанча ўтмай, иш жойимдан бўшадим ва шу вақтда менга Акбархўжа Расулов телефон қилиб, «Юлдузли тунлар» спектаклида роль ижро этишга таклиф қилди. Жуда хурсанд бўлдим. 3 ой давомида спектаклнинг тайёргарлик жараёнларига қатнашиб юрдим. Суратга олиш ишлари билан кўп банд бўлар эдим. Бир куни режиссёримиз мени чақириб, менга театр муҳимроқми ёки съёмкаларми, ўйлаб кўришимни маслаҳат бердилар. Ўйлаб кўрдим ва шу ерда ишлашга қарор қилдим. Биласизми, кинода кўплаб роль ижро қилган бўлсам ҳам, лекин биргина «Юлдузли тунлар»да ҳис қилганларимни уларда туймаганман. Бу ерга келган инсоннинг умуман кетгиси келмайди.

alt

— Сиз учун драматик ролларни ижро этиш қийинроқми ёки комедикми?
— Тўғриси комедия қийинроқ. Драмада кўзёш деймиз, лекин бу унча муҳиммас. Ҳар бир инсонда дард-ташвиш бор. Роль ижро этаётганингизда ҳам ўзингиздаги муаммоларни эслайсиз, ўшанга берилиб кетасизда. Комедияда томошабинни ҳолати билан қизиқиб турасиз, кулмаса ўйланасиз.

«Санъатни нонини еяптими, уни ҳурмат қилиши ҳам керак»

— Сиз роль танлашда биринчи навбатда нимага эътибор берасиз? Ижодий жамоагами, сценарийгами ёки гонорарга?
— Ҳозирда биринчи навбатда сценарийга, кейин ижодий жамоа ва сўнгида гонорарга аҳамият бераман. Авваллари фарқи йўқ эди. Яқинда суратга тушган «Ўгай она», «Фитна» сериалларининг сценарийси бошқаларникига қараганда яхши бўлгани учун розилик билдирдим. Кейин актёрлар жамоаси ҳам яхши танланган.

alt

— Интервьюларингизда ҳар ким ўз ишини қилсин деб кўп гапирасиз. Лекин ўзингиз бошловчилик қиласиз.
— Халқимизда бир йигитга қирқ ҳунар оз, деган нақл бор. Бу ҳаммага тегишли. Айтмоқчи бўлганим, қайси ишга бош қўшманг, албатта масъулиятни ҳис этинг. Соҳани ҳурмат қилиш керак. Сухандонликни бошлаганимдан бери изланаман. Тажрибали сухандонлар билан шерик бўлганимда, албатта, улардан ўрганишга ҳаракат қиламан. Юқоридаги айтганларим эса ўзи бошқа соҳа эгаси бўлиб, санъатга ҳам кириб, лекин соҳани ҳурмат қилмайдиганлар ҳақида.

— Бунда аниқ шахсларни назарда тутганмисиз?
— Албатта. Кўрганман, биламан шунақа актрисаларни. Бир даврада ўтириб қолганимизда, ўзини жуда зўр актриса ҳисоблаб, димоғланиб кетганларини кузатаман-да. Ваҳоланки, бизда қандай профессионал актёр ва актрисалар бор. Бир нарсани хоҳлайман, шу касб орқали нон ейишяптими, уни ҳурмат қилишлари керак. Санъатни осон деб, ижрони камситишларини истамайман.

alt

— «9-рақамли бемор» фильмининг сценарийсини дадангиз билан бирга ёзгансизлар. Шу фильм яралишига нима туртки бўлган?
— Атрофда кўрган-билганларим бунга туртки бўлган. Беморлар учун далда сифатида яралишини истаганман бу картинани. Мен айтиб берганларимни, дадам қоғозга туширганлар. Картина комедияга ўхшаш жанрда бўлиб қолган. Лекин мақсадимиз умуман бошқа эди.
 

— Асл мақсаддан чалғишга нима сабаб бўлди?
— Шошилдим, шекилли. Пухта қилишим керакмиди? Тўғри, Дурдона Тўлаганова ҳаракат қилдилар. Аммо мен кўрганим бошқа эди, у кинода асл холича чиқмади, комедияга тортиб кетди. Актрисалар ҳам ижроларида кўп импровизация қилишди. Лекин, улар руҳий хаста беморларни аслида қандай эканини кўрмаган-ку. Улар тасаввурларида бу ҳолат жуда кулгили эди. Уларнинг дунёси, яқинларининг ҳис-туйғулари умуман бошқа.
 

— Нимага ижролардан кўнглингиз тўлмаганда, шартта тўхтатиб, актрисаларга муҳитни ўз кўзлари билан бориб кўришни таклиф қилмадингиз?
— Мен қилган ҳаракатларимни тасаввур қилолмайсиз . Тунларни йиғлаб ўтказган вақтларим бўлган. Жамоани бир жойга тўплаб тушунтирдим ҳам. Аммо, у ерда режиссёр, операторлар ва актрисалар комедия жанрини танлашганини айтиб, оёқ тираб олишди. Шу томошабинга қизиқ эканини айтишди. Кўпроқ молиявий томонини ўйлашди. Шунда дадамга телефон қилиб йиғлардим. Юпатдилар, майли кейин бошқа сценарий ёзиб, кино оламиз, дедилар. Картинани томошабинлар яхши қабул қилди, аммо ичимдаги бўшлиқ тўлмади. Насиб этса, ҳали бундан-да зўр картиналар яратармиз.

alt

— Нима деб ўйлайсиз, турмуш қурганингиздан сўнг, ижодда қилаётган улкан орзуларингизга бирмунча бўлса-да тўсиқ пайдо бўлмайдими?
— Албатта, пайдо бўлади. Ҳар доим бир нарсани хоҳлайман, турмуш ўртоғим мени касбимни тушунсин. Лекин тақдир бу. Олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Агар ишимнинг қайсидир томонларидан воз кечиш керак бўлса, оилам тинчлиги учун иккиланмасдан воз кечаман. Барибир оила муқаддас. Мана 28га ҳам кирдим. Инсон ёши улғайган сари оила, турмуш ҳақидаги қарашлари ҳам ўзгара бораркан. Кеч турмуш қурганимга яраша оилам тинч, хавас қиларли бўлишини истайман. Балки санъатни ташлайсан, деб шарт қўйилар, унда ҳам воз кечишим мумкин ишимдан. Аммо бу мен учун катта йўқотиш бўлади, балки армон бўлиб қолар. Лекин мени, касбимни тушунган инсон бўлишини жуда истардим.
 

— Машҳурлик сиз учун муҳимми?
— Биласизми, мен истайманки одамлар бизни кўча-куйда кўрганда ҳайратланмаса. Рақс ансамблим бор. Либосларига матоларни доим ўзим танлайман. Шу пайтлари бозор-учарларга тушганда ўзимни бемалол ҳис қилмайман. Тўғри, ҳали машхурликка эришганим йўқ. Лекин шундай бўлса-да, ўзимни аввалгидек хотиржам ҳис қилиб, кўчада юролмайман. Тадбирлар, премъераларга ташриф буюрганизда одамларнинг сизга актриса сифатида қараши ёқимли, аммо кўча-куйда эмас. Содда, самимий устоз санъаткорларга ўхшагим келади. Машхурликка ўч эмасман. Томошабин мени оддийлигимча қабул қилишини истайман. Тўғри, аввал биз ҳам танилишни истагандирмиз.

alt

— Ижтимоий тармоқларнинг ҳаётингиздаги роли?
​— Булар ҳаётимнинг 10 фоизинигина акс эттириши ёки эгаллаши мумкин. Аммо қолган қисми умуман бошқа. Кўпчилик ижтимоий тармоқларни асл ҳаёт деб ўйлайди. Лекин мен учун ундай эмас.
 

— Бир умр қулоғингиз остида жаранг сочадиган насиҳат?
— Дадамнинг гаплари. Бирор иш қилишингдан аввал, мени кўз олдингга келтир ва менга ўша иш ёқса, кейин қил, дейдилар. Шу гапни ўзи етади менга.
 

— Танқидга муносабатингиз қандай?
— Тарози буржида бўлганим учунми, ўзгариб тураман. Бугун бир танқидни яхши қабул қилсам, эртага кўтара олмаслигим мумкин. Танқид бизнинг соҳада кўп учрайди, бўлиши ҳам керак. Чунки танқид қилиняпсизми, демак сиз эътибордасиз. Баъзи танқидлар бор жуда ошириб юборилган бўлади.

alt

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 03-04-2018

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг