alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

JAVOB BERAMAN! Тимур Алихонов

 

Tahsin-2021 мукофоти совриндори, ёш ва ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлардаги фаолияти билан машҳурликка эришган Тимур Алихонов билан суҳбат. 

 

 

Сизни танимаган инсонларга ўзингизни қандай таништирган бўлардингиз?!

Исмим Темур Алихонов. Ёшим 21да ва мен ўзимни Ўзбекистондаги ижтимоий муаммоларни кулгу, ҳазил тарзида кўтариб чиқувчи ва қайсидир маънода уларни ечишга ёрдам берувчи инсон, дея бемалол таништира оламан. 

 

Видеоларингизни интернетга юклашдан аввал кимларга кўрсатасиз ва ўзингиз неча маротаба қайта кўрасиз?

Менда ундай нарса йўқ. Бу катта бир ташкилот ёки телевидение эмаски, материални  у бу кимга кўрсатиб кейин, улар хоп, майли деганидан сўнг чиқарадиган. Мен мустақил инсонман. Агар блог тушунчасига аҳамият берадиган бўлсак, блог бу — сенинг дунёқарашинг ва фикрингдан келиб чиқиб ҳосил бўладиган бир саҳифа, деган маънони ҳам англатади. Шундан келиб чиқиб, мен ҳеч кимга ҳеч нарсани кўрсатмасдан, ўзимга ёққан ва ўзим тўғри деб, ҳисоблаган материални доимий равишда саҳифамга юклаб бораман.

 

alt
 

Нега айнан, TikTok?

Сабаби TikTok XXI асрнинг энг актуал ва шунинг билан бирга энг замонавий иловаларидан биттаси. Агар билсангиз, ҳар бир ижтимоий тармоқнинг ўз даври бор. Мисол учун, 2010-2011 йилларда «Одноклассники» тармоғи гуллаб яшнаган бўлса, кейинчалик WhatsApp, ундан кейин эса, Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари оммалашди. Ҳозирги кунга келиб эса, инстаграм тармоғи ҳам қолиб кетиб, TikTok, яъни блогерлар замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда айнан мазкур ижтимоий тармоқдан яхшигина фойдаланамиз. Сабаби, TikTok’да, аввало, вертикаль 15 секундгача бўлган видеоларга урғу берилгани учун уни танлаганмиз. Бундан ташқари TikTok ёш танламайди. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аудитория ҳам бемалол TikTok’да ўтирибди. Бу тармоқ бугунги кунда бизни ҳар томондан барча талабларимизни қондиряпти.

 

TikTok'нинг салбий томонлари борми?

Билмадим. Назаримда, бу замон билан ҳамнафас бўлишни истамайдиган, эскича фикрлайдиган инсонларга салбий томони кўпдек туюлиши мумкин. Битта нарса борки, сиз нимани ёқтирсангиз, нимани хоҳласангиз TikTok шу нарсаларни тақдим қилади. Шуни орқасидан ўзимга керакли ва фойдали бўлган маълумотларни оламан. Ўзбекистонда бу тармоқнинг чеклангани кичик бизнесга жуда катта таъсир ўтказди. Бундан ташқари, TikTok бугунги кунда кўп давлат структуралари, давлат хизматлари ва вазирликларга ҳам жуда қулай платформа бўлиб қолган эди.
 

alt

 

TikTok'дан воз кечишни истаган вақтларингиз бўлганми?

Бундай нарса ҳеч қачон бўлмаган. Сабаби, мен блогерман ва ҳозирги вақтда қайси ижтимоий тармоқ кўпроқ машҳур бўлса, ўша ерда ижод қилиб кетавераман. Сиз ўзингиз сифатли ва асосийси, аудиторияга ҳақиқатдан ҳам манзур келадиган контент қилсангиз, қайси тармоқ бўлишидан қатъий назар, сиз шахс бўлганлигингиз учун обуначилар кузатаверишади

 

Қайси муваффақиятингиз билан фахрланасиз?

Тўғрисини айтсам, ўзимни ютуқларим билан фахрланмайман. Сабаби фахрланиш менга эмас. «Чрезмерная самовлюбленность» деган тушунча бор русчада. Мен шундай инсон бўлиб қолишдан қўрқаман. Оллоҳимга беҳисоб шукур, асосийси мен билан фахрланадиган ота-онам бор. Қандай муваффақият ва ютуқларга эришсам биринчи бўлиб ота-онамга айтаман ва уларнинг фахри балки менинг ҳам фахримдир. Назаримда ўзидан фахрланиш, ўзидан қониқиб қолишдек гапга ўхшайди. Ижодкор ўзидан қониқдими у ижодкор эмас, дейишади-ку. Шунинг учун ўзимдан фахрланиб, шунга махлиё бўлиб қолишни истамайман. Ҳар доим изланиш, янги чехралар билан танишиш, янги нарсаларни кашф қилиш, ҳар доим ҳаракатда бўлишга интиламан. Чунки ҳозир XXI аср, 15 дақиқа олдин актуал бўлган янгилик 15 дақиқадан сўнг эскириб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳозир тўхташга вақт йўқ.

 

TikTok инсонларга вақтини тежашни ўргатди

 

Видеоларингиз сабаб ноқулай аҳволга тушган вақтларингиз бўлганми?

Жуда кўп бўлган. Ўзи Тимур Алихонов қандай пайдо бўлган?! Мен юлдузлар билан интервью қилар эдим ва бу ҳазил тарзида бўлар эди. Бизда жуда кўп ўзбек юлдузлари ҳазилни жуда «тўғри» тушунишади. Жуда кўп ҳазил интервьюлар қилганимда шуни орқасидан яхшигина муаммоларга дуч келганман. Юлдузлардан кўп норозиликлар бўлганлиги сабабли судлашиш, штрафлар тўлашгача борганман.

 

Ижтимоий тармоқлардан бирини ёпиб қўйиш керак бўлса, қайси бири бўларди?

Менга умуман фарқи йўқ, қайси ижтимоий тармоқ ёпилишидан қатъий назар мен ўз қарашларимни, ижодимни бошқа платформада қилишни давом этавераман ва мени билган обуначиларим қаерда бўлишимдан қатъий назар мени бемалол топиб олишади. 

 

Сиз ёмон кўрадиган лекин фойдаланадиган илова борми?

(кулади) Бу — жарима тўлаш. Машина тезлигини ошириб ҳайдашни ёқтираман, бунинг оқибатида талайгина муаммоларга дуч келаман. ДАН ҳизматида жарима тўлаш сайти бор, иловаси ҳам бор. Уни телефонимга юклаб олганман. Жарима келганда, мана шу иловадан фойдаланишга мажбур бўламан. Ёқтирмасамда барибир ишлатишга тўғри келади.

 

Ўз хоҳишингиз билан бирон-бир ахмоқлик қилганмисиз?

Билмадим (кулади). Ҳар доим қилган ишимни ўзим учун тўғри, деб ҳисоблайман. Билмасдан ахмоқлик қилиш бошқа, билиб туриб қилиш эса, буткул бошқа нарса. Агар бу нарсани ахмоқлик дейиш мумкин бўлса, мисол учун, яқинда Грузияга бориб келдим. У ерга боришим икки кун ичида ҳал бўлди. Бу фикр миямга ўз-ўзидан, бирданига келиб қолди. Бирданига саёҳатни ташкил этиб, кетиб қолдик. Шахсан менга кутилмаган вазиятдаги саёҳатлар, воқеа-ҳодисалар жудаям ёққани учун шу нарсани балки ахмоқлик деб ҳисобларман.

 

Ҳечам қўлингиздан келмайдиган иш...

Йўқ, дейишни билмайман. Бунинг орқасидан кўп панд ҳам еганман.

 

Тарбиянгизда бирон нарсани ўзгартириш керак бўлса, нима бўлар эди.
Яратганга шукур, фикримча ота-онам менга яхши тарбия берган. Сабаби ота-онам менга бунақа тарбия бермаганида, балки мен қаршимдаги камерага интервью бермаётган бўлардим. Минг шукур қиламан, мени шаклланишим, чиройли кийинишим, қорним тўқлиги ва барча-барча бугунги кундаги ютуқларимга Оллоҳим ва кейин ота-онам сабабчидир. Барчаси учун шукрона келтираман ва у бу нарсани тўғирлаш, деган фикр умуман ҳаёлимдан ўтмаган.

 

alt

 

Яқин кунларда сиз гувоҳи бўлган энг қизиқарли ҳодиса...

Баландликдан жудаям қўрқаман. Фобиям бор, самолётда учишдан жудаям қўрқаман. Яқинда Uzbekistan Airways компанияси вертолётларда сайр қилишга чақирган эди. Мазам бўлмай қолди, кўнглим айниб, яхшигина муаммоларга дуч келдим. Бошқа ҳеч қачон баландликка чиқмайман, деб ўзимга ваъда бергандим. Лекин тақдир тақазоси билан Грузияга кетиб қолдик ва у ерда қўрқувимни енгиш учун 350 метр баландликка парашютда кўтарилдим ва бу нарса у даражада вахимали эмаслигини тушуниб олдим.

 

Сиз ўзингизни бугунги ёш авлодга намуна, деб ҳисоблайсизми?

Бу нарсани гапириш менга эмас. Сабаби мен ичкаридан ўзимга баҳо беролмайман. Бунга атрофимдаги мени кузатаётган обуначиларим, дўстларим фикр билдирса яхшироқ бўлади. Тўғрисини айтсам, Москва шаҳрида икки йил яшадим. Ҳамма нарсага эга бўлиб, юртимга қайтиб келган ёшлардан бириман. Ўзбекистондаги бўш интернет ўрнини сифатли контент билан тўлдириш ва қайсидир маънода ёшлар учун намуна бўлиш каби мақсадларим бор.

 

Видеоларингизга келаётган изоҳларни ўқийсизми?

Тўғрисини айтсам, ҳаммасини ўқимайман. Изоҳлар уч мингдан тўрт мингтагача бўлиб кетади. Ўқиб чиқишга улгурмайман. Лекин буткул бефарқ ҳам бўлмайман. Биласиз, бизнинг Ўзбекистон интернет сегментида салбийлик бошқа жойларга қараганда анчагина баландроқ. Ўринли, ўринсиз хейтлар бор. Албатта ўринли хейт бўлса эътибор қаратаман, бошқаларига эса, аҳамият қаратмайман. Изоҳларга келаётган фикрлар ва хабарларга жавоб бермайман, лекин «дайрект»га келганларини саралаб, мазмунли
жавоб беришга ҳаракат қиламан.

 

Ёдингизда қолган энг салбий изоҳ қандай бўлган?

Ундайлари жуда кўп (кулади). Мен учун уларнинг барчаси ўзгача. Баъзида мен уларга эътибор қаратишим учун ҳам турли ёмон фикрлар билдириши мумкин. Масалан, изоҳда уятли сўзлар ёзади, мен «дайрект»ига ўтиб, нега бундай ёздинг деб сўрасам, акажон шунчаки, менга эътибор қаратишингизни истагандим,
дейди. Мана шу энг қизиқарлиси бўлса керак. Обуначи биз эътибор қаратишимиз учун ҳамма нарса қилиб кўриши мумкин

 

Бир кунингизни қайта яшаш имкони бўлса, у қайси кун бўлар эди?

Оллоҳга шукур, ҳар бир куним ўзгача ўтади. Умуман олганда, бу жуда оғир савол. Агар шунақа имкон бўлса, хатоларимни тўғирлаган бўлардим.

 

Интернет тармоғи орқали бир ойда қанча даромад топасиз?
(кулади) Бошқа суҳбатларда, кўча-куйда айнан шу саволга жавоб бермасликка ҳаракат қиламан. Баракаси учади, деган гаплар бор. Аниқ айтмайман. Бир мисол келтираман, обуначиларимни ўзлари ҳисоблаб кўришади. Instagram саҳифамда 15 секундлик сторис жойлаштириш нархи 4 миллион сўм. Бир ойда шундай сторислардан 12тачаси жойлаштирилади. Ҳисоблаб кўришса, даромадимни билиш мумкин. 

 

Бошқа даромад манбаингиз ҳам борми?

Албатта, бор. Блогерлик мактабим бор. Курсларда ўқувчиларимизни тарбиялаб чиқарамиз. Реклама агентлигим бор. Бу ерда ижтимоий тармоқларда реклама жойлаштириш ва медиа продакшн билан шуғулланамиз. Ундан ташқари ўзимизнинг оилавий бизнесимиз ҳам бор. Яъни, совғалар ишлаб чиқарамиз.

 

«Чрезмерная самовлюбленность» деган

тушунча бор русчада. Мен шундай инсон бўлиб

қолишдан қўрқаман.

 

Сизда қачон рэп айтишга қизиқиш уйғонди?
Анча олдин, яъни блогимни юритишни бошлаш вақтида ҳам десам бўлади. Икки йил мусиқа дарсларига қатнашганман. Менда вокал бўйича билимим бор. Хорда солист бўлганман, ашулалар айтганман. Мусиқага қизиқишим кучли бўлгани боис муҳаббатим ҳам чексиз бўлган.

 

Биринчи дуэт учун нега айнан Konsta’ни танладингиз?

Сабаби Шариф ака (Konsta исми) ўзбек мусиқа бозори ичида энг сифатли, энг яхши, вазни баланд ижодкорлардан ҳисобланади. Шариф ака мени устозим, айнан мени профессионал мусиқага, катта оммавий мусиқага кириб келишимга сабабчи бўлган устозларимдан бири ҳисобланади. Бу инсон нимага эришган бўлса, ўз меҳнати ва қийинчиликлари орқали эришган. Улар билан яқин бўлганим учун у инсон билан бирга ишлаш, энг тўғри йўл, деб ҳисоблаганман.

 

alt

 

«Бемани» деб номланган қўшиғингиз билан нима демоқчи бўлгансиз?
Бу қўшиқ бирданига, тезликда яралиб кетган. Маъносиз, сифати паст бўлган, унчалик ҳам матни кучли бўлмаган маҳсулотга аудиторияни ўз талаби бор, афсуски, бизнинг ўзимизда бу муаммо бор деган масалани кўтариб чиққанмиз. Бунда катта маъно бор. Аммо инсонлар уни «качи», «битс-битси» учун эшитишади.

 

TikTok учун видео олиш ёки рэп айтишдан бирини танлаш керак бўлса...
Албатта, рэп. Рэп бу — эйфория, ҳаётим ранги десам ҳам бўлади. Сабаби қўшиқларни тарқалиши, уни инсонлар эшитиб юриши, кейин минг, икки минг кишилик саҳналарга чиқиб уни куйлашинг ва сен билан бирга аудитория куйлаши, энг олий лаззатлардан биттаси ҳисобланади.

 

Сизни биргаликда вайн ёки клипда суратга тушишга таклиф қилиш қанчага тушади?

Instagram саҳифамда боғланиш учун рақамларни ёзиб қўйганман. Бемалол менеджеримга алоқага чиқиб, керакли маълумотларни олишингиз мумкин. Албатта, нарх-наво бир нечта аспектларга қараб чиқарилади. Бу бир икки ойда ўзгаради. Сабаби бизда обуначиларни кўтарилиши, ундан ташқари ўзгаришлар кўп бўлганлиги учун актуал нархлар ҳам доим ўзгариб туради.

 

YOUTUBE KUNUTUNTV

INSTAGRAM TIMUR ALIXONOV 

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 11-09-2021

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг