alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

Фотима Амилова билан суҳбат

 

Фотима Амилова ҳақида қисқа маълумот:

«Амилова Фотимахон Равшанбековна – 11 февраль 1999 йилда Андижон шаҳрида туғилган, 17 ёшда. Ҳозирги кунда Қарши шаҳрида ота-онаси билан яшаб, Қарши Олимпиа захиралари коллежи 2-босқичида тахсил олади. Отаси - Амилов Равшан Кабулович, сузиш спорт тури мураббийси. Онаси – Амилова Зиёдахон, Болалар сув спорти турлари ихтисослашган спорт мактаби хамшираси. Акаси – Амилов Фарход, сузиш спорт тури билан шуғулланади. Қарши Давлат Университети жисмоний тарбия факультетини тамомлаган».

 

Факт:

100 метрга брасс усулида 1:12:45 ичида масофани сузиб ўтиб, жаҳон рекордини янгилади ва олтин медаль соҳибаси бўлди.

200 метрга комплекс усулида 2:24:50 рекорд ичида масофани сузиб ўтиб, жаҳон рекордини янгилади ва кумуш медални қўлга киритди.

100 метрга батрефляй усулида 1:04:72 ичида масофани саралаш босқичида сузиб ўтиб, паралимпиа ўйинлари рекордини янгилади ва бронза медалини қўлга киритди.

 

alt

 

Telegram’даги

расмий каналимизга обуна бўлинг!

 

- Фотима Паралимпиада-2016 ўйинларида сузиш бўйича мутлоқ ғолиб бўлиб, жаҳон рекордларини янгилаганингизда нималарни ҳис этдингиз?

- Тўғрисини айтсам бошида ишонмадим. Барчасини кейинроқ англадим ва жуда ҳам қувондим албатта.

 

- Нимага айнан сузиш спорт турини танлагансиз?

- Сузишни кичкина вақтимдан истаганман, чунки катта акамлар сузиш билан шуғулланадилар ва уларга доим ҳавас билан қарардим. Мен 9 йилдан бери сузиш билан шуғулланаман.

 

- Мураббийларингиз ким? Сизга сузишни ким ўргатган, акангизми?

- Ҳозирги кунда мураббийим отамлар, Амилов Равшан Кабулович. Айнан улар мени сузишга ўргатганлар. Сузиш бўйича биринчи мураббийим амаким Амилов Рустам Кабулович. Улар шу натижаларга эришишимда катта ҳисса қўшган инсон.

 

alt

 

- Мусобақаларга бир-икки кун қолганда нималар қиласиз ва нималардан шу кунларда воз кечасиз? Бирон-бир ўзингиз учун ўрнатган қоидангиз борми?

- Мусобақаларга оз вақт қолганда асосан акамлар билан баҳслашаман. Акам менинг рақибим бўлади. У билан ким ўзарга сузамиз. Мураббийим, отамлар «агар маррага акангдан биринчи бўб келсанг, албатта мусобақада ютасан», дейдилар. Бу бизнинг оиламизда анъана, қоида бўлиб қолган.

 

- Мусобақа вақтида нималарни ўйлайсиз?

- Мусобақа бошланишидан олдин мен бирон-бир ёқтирган мусиқани ёқиб, қулоқчинларни тақиб олиб, ҳеч ким билан гаплашмасдан диққатимни бир ерга жамлаб, асосан машғулотлар вақтида мураббийим ўргатган нарсаларни эслайман ва сузиш техникасини қайта-қайта ўйлаб оламан. Чунки ҳар бир спорт тури каби, сузишда ҳам техниканинг аҳамияти катта. Сузаётган вақтда техникага қатъий риоя қилиш керак. Ўшандагина яхши натижа кўрсатиш мумкин. 

 

alt

 

- Фотима спортнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида нима дея оласиз? Спорт сизга нима берди?

- Албатта биринчи ўринда спорт соғлом бўлишингизга ёрдам беради. Ундан кейин спорт инсонни иродали, кучли, сабрли бўлишга ўргатади. Спорт менга куч, ўзимга ишонч ва иродани берди.

 

- Сузиш спорт туридан бошқа яна қайси спорт турлари сизга ёқади?

- Баскетбол, синхрон сузиш спорт тури ёқади. Гоҳида машғулотларда ҳазил қилиб, синхрон сузишдаги элементларни бажаришга ҳаракат қиламан.

 

- Агар сузиш билан шуғулланмаганингизда қайси касбни эгаллаган бўлар эдингиз?

- Спортчи бўлмаганимда албатта психолог касбини танлаган бўлар эдим, чунки психологияга жуда қизиқаман.  

 

«Бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдим. Мен Паралимпия ўйинларидаги ғалабамни Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга бағишлайман ва уларга биз учун яратган барча шарт-шароитлар учун раҳмат айтаман».

alt

 

- Фотима қандайдур орзуингиз ёки мақсадингиз борми?

- Орзуим Паралимпия ўйинларида ғолиб бўлиш эди. Орзуимга етишдим ва бундан ҳурсандман. Энди мақсадим бундан кейин ҳам доим ғолиб бўлиб, мусобақаларда яхши натижалар кўрсатиш.

 

- Қандай мусиқани ёқтирасиз ва тинглайсиз?

- Ҳар ҳил хонандалар қўшиқларини тинглайман. Аммо фақат реп ва рок йўналишидаги қўшиқлар ёқади. Баъзида кайфиятга қараб Бетховен мусиқасини ҳам тинглаб тураман.

 

- Сузишдан бошқа қизиқишларингиз борми?

- Инглиз тилига қизиқаман. Шу тилни мукаммал билишни истайман.

 

- Қайси таомни ёқтирасиз?

- Аслида менга фастфуд ёқади. Аммо биз тўғри овқатланиш рационалига катта эътибор бермасак бўлмайди. Доим фойдали овқатланишимиз керак. Спортчиларга газланган ичимликлар, турли фастфудлар, аччиқ ва шўр нарсаларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Мен ҳам доим шу қоидаларга амал қилишга ҳаракат қиламан. Аммо фастфудни ёқтираман (кулади). Спортчилар ўрнатилган қоидаларга риоя қилмаса улкан натижалар кўрсатиш қийин бўлади. Спортнинг ана шундай ўзига яраша талаб ва қоидалари бор.

 

alt

 

- Қайси рангларни ёқтирасиз?

- Менининг ёқтирган рангим қора, аммо ёрқин ранглар ҳам ёқади.

 

- Севиб кўрадиган мультфильмингиз борми?

- Ҳа бор. «Симпсоны» мультфильми.

 

alt

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 28-09-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг