alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

Санжар Ҳолиқов ва Шаҳло Аҳмедова: «Дуэт ёки...»

— Келинг ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз. Тўғри, сизни ҳамма Рашид Ҳолиқовнинг ўғли сифатида яхши танийди. Аммо Санжар Ҳолиқов ҳақида деярли маълумот йўқ.

— 1996 йил 1 май санасида, Тошкент шаҳрида туғилганман. 50-сонли ихтисослаштирилган мактабни тамомлагач, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 2-академик лицейда таҳсил олганман. 2014-2015 йилларда Хитойда ўқиганман. 2016 йилда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирдим ва ҳозирда мазкур институтнинг Ижтимоий-маданий фаолият факультети талабасиман.

—   Хонандаларга асосан, сиз санъатга қандай кириб келгансиз, деган савол кўп берилади. Аммо, бу саволни сизга бериш ноўрин, сабаби ҳаммага маълум, сиз таниқли санъаткорнинг фарзандисиз, яъни оилавий муҳит санъат билан боғлиқ. Демак, илк саволим, сиз хонанда бўламан, деганингизда отангиз ва онангизнинг фикрлари қандай бўлди?

—    Санъаткор бўлишимни тушуниб етганимда Хитойда таҳсил олар эдим. Бу истагимни биринчи бўлиб онамга айтдим ва улар, дадамлар билан маслаҳатлашишни: «Даданга айтиб кўр, бу гапинг уларга жуда ёқади», - деганларидан сўнг, дадамга смс ёздим ва улар: «Бўлди, бугуноқ Тошкентга учасан», - деб чипта юбордилар.

alt

— Агар сизга отангиз: «Йўқ ўғлим, бу соҳани танламагин», - деганларида қандай йўл тутган  бўлардингиз? Бошқа соҳада иш бошлармидингиз ёки барибир шу йўлда давом этиш учун курашармидингиз?

— Биринчидан ота-онам қаршилик кўрсатишмас эди, чунки ёшлигимиздан «Ўзингизга ёққан касб билан шуғулланинг», - деб айтиб келишган. Иккинчидан эса, мен курашдим ҳам, Хитойдаги ўқишимни ташлаб, санъаткор бўламан деб, бу ерга қайтдим-ку ахир.

—    Сиз оилада тўнғич фарзандсиз, укаларингизга ўрнаксиз. Айтингчи онангиз сизга энг кўп айтадиган гаплари қандай?

—    Онам менга кўп насиҳат қиладилар, лекин энг кўп қайтарадиганлари, бу «Ёмон қизлар билан юрма», - деган гаплари бўлса керак. Балки шунақа ёшдадирман, шунинг учундир. Иккинчидан, отамни ҳам, онамни ҳам кўп айтадиган гаплари бу: «Ўзингни ҳеч қачон йўқотиб қўйма».

—    Отангиз Рашид ака билан кўп суҳбатлашасизми? Ижоддан ташқари яна нималар ҳақида ота-бола кўпроқ гаплашасизлар?

—    Ҳа, албатта. Кўпинча нонуштани бирга, оила даврасида қиламиз. Шунда кўпроқ маслаҳат сўрайман. Нима соҳада бўлмасин, шахсий ҳаётми ёки санъатдами, барибир дадам билан маслаҳат қиламан, чунки уларнинг тажрибалари катта. Ҳар хил баҳслар ҳам бўлиб туради, масалан қилган ишим ҳақида. Мен ўзим тўғри деб билган нарсамни ҳам, дадам шундай тушунтирадилар-ки, уларнинг гаплари тўғрироқлигига амин бўламан.

alt

—    Укаларингиз ёки синглингиз сизни бирор фикрингизга қарши чиқишса қандай йўл тутасиз?

—    Синглим оилада эркатой бўлганлиги сабабли кўпинча айтилган ишни қилмаслиги мумкин. Лекин мен уни койиб қўяман, дарров ўзига келиб қолади.

—    Укангиз Ислом Барселонада ўқийди, унда ҳам санъатга қизиқиш борми?

—    Ҳа, тўғри, укам икки ярим йилдан буён чет элда ўқимоқда, яна икки йил ўқиши қолди. Укамда санъатга қизиқиш йўқ, чунки ўзини етарли овоз имкониятига эга эмас деб ҳисоблайди, шу сабабли бошқа соҳанинг бошини тутган.

—    Мактабда энг қийин фан қайси эди?

—    Қийналган фаним бу - математика эди. Мен кўпроқ ижтимоий фанларга қизиққаним сабабли математикадан қийналганман.

—    Ўқитувчиларингиз сизни таниқли хонанданинг ўғли деб, доим аъло баҳолар билан сийлашган бўлса керак?

—    Йўқ, ҳеч қачон. Бу нарса ўзимга қам ёқмас эди. Шунинг учун ҳамма қатори оддийгина бола бўлганман.

—    Йигит кишига қирқ ҳунар оз дейишади. Сиз яна қайси ҳунарларни эплай оламан деб айта оласиз?

—    Санъаткор бўлмаганимда, балки тадбиркорлик билан шуғулланган бўлар эдим. Балки!!! Бу аниқ эмас.

alt

—    Қўшиқларингиз учун ўзингиз ҳам шеър ёзиб турасизми? Аксарият ёш хонандалар ўзлари мусиқа басталаб, ўзлари шеър ёзадилар.

—    Йўқ, мен кўпроқ Шаҳбоз билан ҳамкорлик қиламан, ва албатта Жасур ака Бадалбоев ҳам мендан ўз фикрларини аямайдилар.

—    Қайси футбол жамоасига мухлислик қиласиз? Футбол ўйинлари ишқибозимисиз?

—    Муккасидан кетган, ётволиб кўрадиган фанат эмасман. Лекин Барселона жамоасига мухлисман.

— Тез орада сизни уйлантириб қўйиш масаласи оила ўртасида кўтарилади. Ота-онангиз танлаган ёрга уйланасизми ёки ўзингиз танлаган ва ёқтирган қизгами?

— Ўзим танлаган инсон билан турмуш қураман. Чунки яшайдиган ўзим. Ота-онам ҳам менинг танловимни қўллаб-қувватлашади.

alt

—    Шаҳло Аҳмедова билан қандай муносабатларингиз бор?

—    Шаҳло билан анчадан бери дўстмиз. Биз бирга дуэт куйламоқчи эдик. Шу ҳолос.  

—    Ҳозирда кўнгил қўйган инсонингиз борми?

—    Йўқ.

—    Мухлисларингизнинг аксарияти қизлар бўлса керак, а?

—    Ёзиб туришади. Бор албатта.

—    Қайта-қайта кўрадиган фильмингиз?

—    Леонардо Ди Каприо иштирокидаги «Буюк Гетсби» фильмини ҳафтасига 3-4 маротаба кўришим мумкин.

alt

—    Ўзбек аёл хонандаларидан кимнинг қўшиғини ҳозирда тинглайсиз?

—    Муниса Ризаеванинг «Ёмғир» номли қўшиғини. Чунки лирик ашулалар кўпроқ ёқади. Шохруҳхоннинг қўшиқларини ҳам тинглайман.

—  Чет эл хонандаларидан кимлар ёқади?

—  «The Weekеnd» гуруҳи, Канье Уэст ёқади.

—    Ҳозирда сиз учун бахт бу…

—    Ота-онам соғ-саломатлиги, оилам ҳотиржамлиги.

—    Санъатга қадам қўйганингизга кўп вақт бўлмади. Бундан ўн-ўн беш йиллар ўтиб, яна сиз билан суҳбатлашиш истагида бўлсак, келиб кўришишингиз билан нима дейишингизни тасаввур қилиб кўринг.

—    Менинг муносабатим ўзгармайди. Самимийлигим қолади. Тўғри, улғайишим мумкин, фикрлашим бошқачароқ бўлар, лекин инсонийлик фазилатларим ўзгармайди.

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 02-06-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг