«Болажонлар-Ширинтойлар» фестивалининг иккинчи куни
Ёш дизайнерлар, Олий ўқув юртарининг талабалари ва колледж ўкувчилари #beyoung for baby номли намойишда ўз ижодларини тақдим этишди. Тадбирда 28 нафар ёш дизайнерлар 21 та тўпламлар билан қатнашишди. Ҳар бир тўплам ўз ичига 11 та тўлиқ кўринишларни олган эди.
Биринчи бўлиб ўз ишларини Зуҳра Махаматова ва Фотима Абдураимовалар намойиш этишди. Опа сингиллар урғуни асосан оқшом либосларига бериб, писта ва садаф ранглардан фойдаланишган. Бундан ташқари ўғил болалар учун байрамона костюмлар ҳам мавжуд эди.
Фотима Абдураимова:
«Тўпламимизнинг яралиши учун биз илҳомни тилла ипдан тикилган кўйлаклар, гипюр, тюль, каштачилик ва албатта Анна Каренинадан олдик. Бизнинг либослар Пушкиннинг бетакрор даврини эслатиб туришини хоҳладик».
4 нафар дугоналар - Хандона Шарафутддинова, Динара Юнусова, Диёра Асадуллаева, Рафина Ахмедшиналар ўз тўпламлари билан моданинг юқори поғоналарини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Катта ҳажмдаги лекин нафис рангли кўйлаклар бурма хошиялар билан безатилган эди.
«Қўёш ботишининг ранглари: сариқ, ҳаво ранг, пушти, бинафша ранг – айнан мана шу ранглар асосида биз коллекциямизни яратдик. Биз хамма нарса болалар учун қувноқ ва ёрқин бўлишини истадик».
Ёш дизайнер Назокат Аҳмедова ўз тўпламини яратилишига ўзгача ёндашган. Ёрқин рангларга бой аксессуарлардан фойдаланган холда ёмғир учун мўлжалланган пальто ва клеёнкадан яратилган портфелни тақдим этди.
Асал Нуриддинова ва Наргиза Мирзабоевалар дуэти ўзларининг ёзга мўлжалланган йўл-йўл кўйлаклар ва 70-80 йилларнинг жилеткалари тақдим этишди.
Дизайнерлар Нодира Шарипова ва Муштари Нодирова yacht style йўналишида комбинезонлар, кўйлаклар, шим ва блузкалар намойиши билан иштирок этишди.
Зухра Ёқубова ва Рухсора Бобоевалар эса қизалоқлар учун ёзги кўйлаклар, ўғил болалар учун эса ёзги костюмлар ва албатта ўзбекона нақшлар билан безатилган сумкаларни тақдим этдилар.
«Ўз тўпламимизни биз «Калейдоскоп» дея номладик. Матонинг ўзи бизга йўл кўрсатиб, илҳомлантирди ва биз нима хоҳлаётганимизни англаб етдик. Пахта, лавсан, стрейч ва трапеция формаси болаларнинг танаси нафас олиши учун махсус йўланган ғоялар эди».
Дизайнер Эъзоза Орипова эса ўғил болалар учун, бахмал, велюр ва велвет матоларидан тикилган костюмларда зумрад ва бинафша ранглардан фойдаланган. Бу кўринишни котелок-шляпалар, катакли шим ва камзулчалар тўлдириб турди.
Мадина Хамидова ва Васила Ғаниева адрас матоси қўшилган бомберлар ва джинси матосидан тикилган комбинезонларни тақдим этишди.
Ўзига хос дағалликни акс этиб турган коллекцияни Нафиса Мирзааҳмедова намойиш этди. Бу тўплам ўз ичига ҳар хил занжир ва замоклар билан бойитилган чарм матосидан куртака ва камзулчаларни олган эди.
Зилола Эргашева ва Умида Махамаджонова дуэти эса куз-баҳор мавсумига мос рангли шишачалар билан безатилган, енг қисми узайтирилган костюмлар ва гуллар билан безатилган кўйлакчаларни намойиш этишди.
Ёш дизайнер Умида Турсунова ўз тўпламидаги қизларга мўлжалланган ва кашемир билан безатилган иссиқ кийимларини тақдим этди.
Модельер Комила Носирова гуллар билан безатилган кўйлак, комбинезон,камзул ва юбкаларни жамлаган тўпламини йиғилганларга намойиш этди. Аксессуарлар сифатида эса болажонларни қўлига дала гуллари берилган эди.
Дизайнерлар Шахноза Саттарова ва Мадина Абдуллаевалар ниначи, капалаклар, асал ари, чиғаноқ ва колибрилар билан безатилган кенг хажмдаги кўйлаклар билан подиумга чиқишти.
Намойишда қавилган жакетлар ва қулоқчинларни фақатгина Мафтуна Жуманазарова тақдим этди.
Модельер Гулҳаё Бекниёзова енгил шифондан тикилган либосларни тақдим этди. Гулхаёнинг ранг баранг либосларини халқ ичида «лозим кўйлак» деб аташади.
#beyoung 2016нинг қатнашчилари Мадина Рахмонова, Саодат Комилова ва Фаррух Бекназаровлар бу гал миллий йўналишдаги либосларни намойиш этишди. Кўйлаклар, лозим ва чопонлар дўппи ва махсилар билан тўлдирилган эди.
«Бизни сурхон аҳли илҳомлантирди. Биз Сурхондарё тарихини ўрганиб чиқдик ва миллий либослари бизга жуда чиройли кўринди. Биз рикардо матосидан ва тамбур каштачилигидан фойдаландик».
Дизайнерлар Шохиста Собирова ва Нодира Табибова майин ипак матосидан бўлиб, нафис Бухоро каштачилиги ва стеклярус билан безатилган кўйлак ва туникаларни намойиш этишди.
Шаҳноза Солиева ва Ҳилола Азимованинг коллекцияси ўз хажми билан фарқланар эди. Дизайнерлар, ёш қизчалар учун шифон матосидан тикилган калта либосларни тақдим этишди.
Фестивални Динара Қурбонова ва Ойхон Раҳматованинг тўплами якунлаб берди. Дизайнерлар намойишни оқ, пушти рангли кичик маликаларга мос кўркам либослар ва ўғил болалар учун байрамона костюмлар билан якунлашди.
Холида Комилова, Ташкилот қўмитаси раиси:
«Биз Ўзбекистонда болалар модаси ҳақида гапирганда иқлим, менталитетимиз ва албатта бой тарихимизни инобатга олишимиз керак. Шунга қарамай биз дизайнерларимизни чекламадик, чунки уларнинг қарашлари биз учун қадрли».
«Талабаларни бу қадар кўплиги одамни қувонтиради, агар буларнинг хаммаси иқтидорли бўлса, янада хурсанд бўласиз. Ёшлар билан ишлаш жуда завқли. Базида уларнинг дунё қараши хайратлантиради. Профессионал дизайнерлар ўз йўналишини топиб бўлишган, #beyoung for baby эса ёшлар ўзини синаб кўриши билан яхши».
ИЗОҲЛАР 0