alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Дефиле

Тошкент мода ҳафталиги. Бешинчи кун

Подиумга биринчи бўлиб Турин мода ҳафталиги иштирокчилари Анжела Варсано ва Моника Бруноларнинг коллецияси намойиш этилди. Marc O`Polo модалар уйи,  Versace, Ferre  ва Valentino  брендлари коллекцияларидан тақдим этилган тўпламда бош кийимлар, ҳарир оқшом либослар, ёрқин  кундалик кийимлар, мўйналар, шифон блузалар, чарм шимлардан иборат 11та либосни кўриш мумкин бўлди.

Сўнг подиумда Gaia Boldotti брендидан турфа хил бичимдаги оқ блузкаларни тақдим этган дизайнер Джулио Болдеттининг моделларини кўриш мумкин бўлди. У тақдим этган шифон, пахта ва синтетика матоларидан тикилган.

Яна бир италиялик модельер Marina Nekhaeva қора рангдаги асимметрик либослардан иборат тўпламни намойиш этди.

Ўзбек дизайнерларидан Дилором Мухамедиеванинг тўплами кечани давом эттирди. Дизайнер тақдим этган коллекциясида пастел ранглардаги майин бахмал ва нафис тўр матоларни уйғунлаштириб яратилган ҳарир либослар, бахмал комбинезонлар ва кўйлакларни тақдим этди.

Дизайнерлар Саидакром Максумов ва Гулчеҳрахон Аҳматоваларнинг коллекцияси муҳташам оқшом образларидан иборат бўлиб, қора рангдаги чарм ва нафис тўр матоларидан яратилган шимли ва юбкали костюмлар, кўйлаклар мунчоқлар билан безатилган.

Саидакром Максумов, дизайнер:

«Баҳор-куз мавсумига мўлжалланган бу тўпламимиз «глэм-рок» услубида яратилган бўлиб, биз нафис гипюр матосини чарм билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилганмиз. Либосларимизни тошлар билан безатганимиз уларга янада кўрк қўшган».

alt

Россиялик HAYRA бренди бу оқшом нафақат катталар, балки болалар учун ҳам либослар тақдим этган ягона бренд бўлди. Унинг тўпламида футуризм мотивлари бўлиб, дизайнер асосан чарм матодан фойдаланган.

Ўзбекистонлик ёш дизайнер Маҳлиё Аитбаева тўр матоларга чармдан геометрик аппликациялар қўшиб оқшом либослари, шимли костюмлар ва пиджаклар яратган.

Маҳлиё Аитбаева, дизайнер:

«Мен бугун профессионал дизайнерлар билан бир подиумда ўз коллекциямни тақдим этганимдан бағоят хурсандман. Мода ҳафталиги биз ёш дизайнерлар учун катта имконият эшикларини очмоқда. Бугун тақдим этган коллекциямда асосан тўр ва чарм матоларидан фойдаланганман. Тўр матосига чармдан геометрик шаклдаги аппликацияларни тикиб чиққанмиз».

alt

Қирғизистонлик дизайнер Дилбар Ашимбаева иккита тўплам намойиш этди. Биринчиси prêt-a-porte de Luxe синфига оид «этношик» услубидаги либослар бўлиб, унда дизайнер юқори сифатли оқшом либослари, миллий нақшлар билан безатилган камзуллар ва либосга уйғун тарзда махсус ишланган клатчларни тақдим этди.

Dilbar мода уйининг иккинчи тўплами кундалик тарздаги либослар бўлиб, унда тафта, бахмал, адрас, пахта матоларидан яратилган юбка, пиджак, кўйлакларни кўриш мумкин эди.

Дилбар Ашимбаева, дизайнер:

«Бизнинг мода уйи асосан Luxe синфига оид этношик услубидаги қимматбаҳо либослар яратишга асосланган. Биз либосларни яратишда фақатгина табиий матолардан фойдаланмиз. Либосларимиз учун матоларни Ҳиндистон, Хитой, Ўзбекистон, Туркманистон каби давлатлардан олиб келамиз».

alt

Ўзбекистонлик дизайнерлар Шахноза Сатторова ва Умида Бобоқулова аёллар ва эркаклар учун дубленкадан ишланган пальтоларни тақдим этдилар. Пальтоларга миллий нақшларимиздан безак берилган бўлиб, янада бетакрор кўриниш касб этган.

Дизайнер Наталья Ногай атлас, шифон матоларидан оқшом либосларини тақдим этди. Ҳар бир либосга соч учун аксессуар ва клатч ишлаб чиқилган бўлиб, образни янада тўлдирган. Мазкур коллекция учун Bukhara Brilliant Silk компанияси матоларидан фойдаланилган.

Bukhara Brilliant Silk компанияси матоларидан фойдаланган холда коллекция яратган яна бир дизайнерлар Анора Йўлдошева ва Шаҳрузабону Тоировалар адрас, шойи, бахмал, атлас матоларидан кечки либослар, шимли костюмлар, пиджаклар тақдим этдилар.

Яна бир ўзбекистонлик дизайнер Лола Амилова узун, тўкилиб турадиган ҳарир либослар ва духоба камзул ва нимчаларни намойиш этди. Духоба нимчаларга от, турна, анор, пахта гуллари каби нақшлар билан безак берилган. Моделларнинг бошларидаги рўмоллари образни тугаллаган.

Франциялик дизайнерлар чарм, джинси, тўр, жун матоларидан фойдаланган холда кундалик ва футуристик услубдаги либослардан иборт коллекцияни тақдим этдилар.

Ўзбекистонлик дизайнер Дина Сайфи бу оқшом тўқилган кўйлаклар ва устки кийимларни тақдим этди. Пальтолар ва плашлар қуюқ рангларда бўлиб, ёрқин рангдаги кўйлаклар билан чиройли уйғунлик касб этган.

Дизайнер Раъно Исроилова тўкилиб турадиган бичимдаги либослар билан бирга корсетли кўйлаклар ва шимларни тақдим этди. Дизайнер коллекциядаги либослар учун юқори сифатли бахмал, атлас, тўр матоларидан фойдаланган.

Галина Ивлева, Дилноза Дўсматова ва Соҳиба Дадабоева учлиги муҳташам оқшом ва келинлик либослари тақдим этдилар. Жуда ҳам нафис гипюр ва атлас матосидан яратилган узун кўйлаклар тошлар билан безатилган.

Ўзбекистонлик дизайнер Николай Нам кундалик ва оқшом либосларини тақдим этди.

Италиядан Beltepa бренди бахмал, адрас, атлас каби ўзбек матоларидан яратилган либослар коллекциясини тақдим этди.

Намойиш сўнгида Ўзбекистон Республикаси дизайнерлар Ассоциацияси раиси Холида Хафизовна барча дизайнерларга диплом топширди.

altalt

Намойиш меҳмонлари:

Тошкент Мода ҳафталигининг тўртинчи кунидан шарҳ ҳам бизнинг сайтда.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 19-11-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг