alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Болаларга

Болани мактабга кўникиши учун ёрдам

Билимлар куни ҳам ўтди, республикамиз бўйлаб минглаб қизалоқлар ва ўғилтойлар мактаб остонасига қадам қўйиб, биринчи синф ўқувчиларига айландилар. Улар ва уларнинг ота-оналари учун бу ҳаётдаги энг муҳим ва аҳамиятли ҳодисалардан биридир.
Бола учун мактабдаги илк йил энг мураккаб вақт ҳисобланади. Севимли қўғирчоқлар ва ўйинчоқлар билан ўтадиган кунлар эндиликда ўқув машғулотлари, китоб-дафтарлар билан ўрин алмашади. Бу ўз навбатида боладан сабр-тоқат, диққат ва ақлий меҳнатни талаб қилади. Бундан ташқари боланинг руҳиятига ҳам қўшимча юк ортади: янги болалар – синфдошлар билан танишиш ва дўстлашиш керак шунингдек, катталар – ўқитувчилар билан ҳам мулоқот ўрнатиш керак. Барча болалар ҳам янги вазифалар ва қоидаларга тезда кўникиб кета олмайдилар.
 
alt

Янги муҳитга кўникиш учун болага 1-2 ҳафта ёки 1 ой камлик қилади. Мутахассислар таъкидлашича, мактабга кўникиш учун 2 ойдан ярим йилгача вақт кетади. Барча болалар учун албатта бир хил усул йўқ. Бу кўпгина омилларга боғлиқ бўлган қийин ва индивидуал жараён. Масалан боланинг шахсий феъл атвори, ижтимоий фаоллиги, мактабга тайёргарлиги ва ҳ.к.
Ва ҳозир болага ҳаётидаги янги босқичга ўтишда соғлиғи ва руҳиятига зарар етмаслиги учун ёрдам беришнинг, ўйин ва дарсларни бирга олиб бориб, вақт ўтган сари дарсларни олдинги ўринга чиқаришнинг айни вақти.
Мутахассислар, шунингдек, тажрибага эга оналардан маслаҳатлар сизларга ва фарзандларингизга ёрдам беради деган умиддамиз:
 
alt Булатова Эльвира Мансуровна, 211-мактаб 2 “А” синф раҳбари, бошланғич синф ўқитувчиси.

Биринчи синф ўқувчиси ўзига, ўз кучига ва имкониятига ишониши керак. Болада шу ҳисларни тарбияланг. Фарзандингизга қулоқ солинг, мактаб ва синфдаги ҳаёти билан қизиқинг. 

Дарслар қандай ўтганини, нима ёққану, нима ёқмаганини сўранг. Ўзлаштиришини назорат қилиб боринг. Синф раҳбари билан алоқани ушлаб туринг. Фарзандингизни уришманг, айниқса бошқалар орасида. Агар у секин ёзса ҳам, мисолларни нотўғри ечса ҳам, чизиқларни нотекис чизса ҳам уришманг.
Дарсларда болалар ташаббус кўрсатмай, ўқитувчи ва синфдошлар тарафидан муҳокама қилинишдан чўчиб тахтага чиқмай қўядилар. Бу дарслар ўзлаштирилишини янада секинлаштиради. 
Фарзандингизда синфдошлари орасидан яқин дўст топишига кўмаклашинг. Танаффусда фарзандингизга ким билан суҳбатлашиш қизиқроқ, улар нималар ҳақида суҳбатлашадилар қизиқинг. Мумкин бўлган суҳбат учун маслаҳатлар беринг. Болалар ўзаро дўстлашиб олишлари учун истироҳат боғлари ёки қаҳвахоналарга оилавий дўстона учрашувлар уюштиришингиз мумкин. Фарзандингиз нафақат дарсларда, балки янги дўстлар орттиришда ҳам ёрдамингизга муҳтож. 
 

Досумова Индира, 5 фарзанд онаси.

Бола биринчи синфга қадам қўйиши билан унинг оиладаги мақоми ҳам ўзгаради. Бувижон ва бобожонлари уларни мактабга чиққани билан табриклаб, ширинликлар билан сийлашади. Энди болалар атрофдагилардан тез-тез: “Сен энди катта бўлдинг!”, “Сен энди эркаксан!”, “Қанчалар тез катта бўлдинг!” қабилидаги гапларни эшита бошлайдилар. Лекин оиладаги муносабатнинг бу каби кескин ўзгариши ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келавермайди. Оиладаги катта фарзандлар (баъзида ота-оналар ҳам) томонидан кичик фарзандларга нисбатан ўзлари англамаган ҳолатда босим ортади. Болакайлар ака-опаларидан: “Сен энди каттасан, ўзинг идишларингни юв/ ўрнингни текисла/кийимларингни тахла/  уй ишларида кўмаклаш” каби буйруқларни эшитадилар ва ўз-ўзидан катта бўлишни мен танламадим, мактабга боришни ҳам деган фикр уйғонади ва бола мактабдан совий бошлайди. Шу тарзда илк муаммолар келиб чиқа бошлайди. Шунинг учун болани бу ўзгаришларга аста-секин кўниктириб бориш маъқул. Бола мактабга чиққани билан у ҳалиям болалигича қолади ва ҳаддан ташқари катта маъсулиятни ўз бўйнига олишга қодир эмас.
 

Мавланова Альбина, 2 фарзанд онаси.

Фарзандингиз ҳаётини қийинлаштирманг. Баъзи ота-оналар фарзанди мактабга чиққач, қўшимча минг бир тўгаракка ҳам олиб бора бошлайдилар. Бу эса болангиз учун кераксиз босим бўлади. У хали мактабдаги вазифаларни ўзлаштиришни тўлиқ бажара олмаяпти, бу ёқда яна футбол, рақс, мусиқа. Агар барибир фарзандингиз бирор бир машғулот билан шуғулланишини хоҳласангиз, биргаликда йўналиш танланг. Бу машғулот биринчи навбатда фарзандингизга ёқиши керак. Акс ҳолда фақат асаблар ва вақтингизни бекор кетгани қолади. Энг яхшиси тўгаракни мактабга чиқишдан бир йил олдин танлаб, бора бошлаш лозим. Шунда мактабга чиққан бола учун бу машғулот  янгилик бўлмайди ва кўникишни талаб қилмайди. Агар улгурмаган бўлсангиз унда бу ишни иккинчи синфга қолдирган маъқул, ўтган йил давомида болангиз мактабга кўникиб, янги машғулотларга тайёр бўлади. 

alt
Юсупова Валерия Александровна, 211-мактаб болалар психологи.
Боланинг темпераментини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳар бир болага индивидуал ёндашув зарур. 

Гиперфаол болалар билан энг аввало тил топишиб олиш керак. Унинг гиперфаоллиги сабабини аниқлаб олиш керак. Кўпинча бундай болалар оилада етарли диққат-эътиборни олмаган бўладилар. Ота-оналар бундай болалар билан кўпроқ вақт ўтказишлари лозим. Бу нафақат бирга дарс тайёрлаш, балки бирга сайрга чиқиш, боғларга бориш ва ҳ.к.
Болакай аксинча суст бўлса мактабда уни фаол болалар билан дўстлашишига кўмаклашиш керак. Масалан фаол бола билан бир партага ўтқазиш мумкин, гуруҳ машғулотларида ҳам фаол болалар билан бир гуруҳга қўшган маъқул.
Янги ташқи муҳитга кўникиш тортинчоқ болаларда секинроқ юз беради. Бунинг учун бола ўқитиувчилар, синфдошлари ва ота-оналар билан кўпроқ мулоқотда бўлиши керак. Ота-оналар фарзандининг қизиқишларини инобатга олишлари ва қўллаб-қувватлаб туришлари даркор.

Ўқув йилида ота-оналарга ҳам, болаларга ҳам муваффақиятлар! 

Эльвина Сарк.

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 29-09-2015

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг