Tashkent Fashion Week: 3-кун
Шу куни «Человеческая одежда» бренди асосчиси, ўз ўрнига эга дизайнер Лола Сайфидан маҳорат дарси ўтказилди. Мода оламига эндигина қадам қўйиб келаётган ижодкорлар, қандай қилиб ўз брендини яратиш сирларидан воқиф бўлдилар.
Италиялик дизайнер Sabrina Persechino тақдим этган коллекцияси шу кундаги намойишлар кетма-кетлигини бошлаб берди. Тўпламдан 37та либос ўрин олган бўлиб, OPTICAL номли тўпламдаги либослар оқ, яшил, қизил, қора, кулранг ва малла каби ранглар уйғунлигида яратилган. Либослар геометрик шакллар, вектор графикаси ва лазерли ўйма нақшларни ўзида жам қилган либослар, жуда ҳам нафис кўринишга эга.
Sabrina Persechino, италиялик дизайнер:
«Ҳафталикдаги иштирокимдан аввал Самарқандда бўлдим. Бу кўҳна шаҳарнинг нафақат қадимий обидалари, балки адрас-атлас матолари ҳам менда ўзгача таассурот қолдирди. Балки кейинги подиумларда бу матолардан фойдаланарман. Бу ерга келиб шуни тушундимки, ўзбекистонлик дизайнерлар ҳам анча илдамлаб кетган, яратган либосларида ҳам миллийлик, ҳам замонавийликни уйғунлаштира олганликлари энг каттта ютуқларидир».
Тошкентлик гўзаллик шайдоларига ўзининг либослари билан яхши таниш дизайнер Дилноз Эркинова бу йили 50та либосдан ташкил топган тўпламини тақдим этди. Кашемир, букле, твил, шойи, шифон матоларига мурожаат этилган. Безаклар учун гипюр, бисер, марварид тошлар танланган.
Тўпламда замонавий чўпонларни кўриш мумкин, улар бир кўринишда пальтоларни ёдга солади. Аммо бичимлар миллийликдан йироқлашмаган.
Дилноз Эркинова, дизайнер:
«Ҳар йили Тошкент мода хафталигида қатнашиб келаман. Бундан жудаям ҳурсандман. Бу ҳафталик кўпгина дизайнерлар учун маҳорат мактаби бўла олади. Модалар намойиши, маҳорат дарслари, ҳориж дизайнерларининг ишлари дидни шакллантириш, профессионал даражада янада ўсишга ёрдам бера олади».
Куннинг энг ёрқин ва эсда қоларли намойишлари бу Дилдора Қосимова томонидан тақдим этилган либослар бўлди.
Ташриф буюрган ҳар бир мода иҳлосмандалари бу намойишда ўзларини шохона муҳитга тушиб қолгандек ҳис этдилар. Подиумга солинган гиламлар, экрандаги сарой йўлаклари тасвири ва қушлар садосини эслатувчи жарангдор мусиқа остида тақдим этилган тўплам, шарқнинг бутун гўзаллигини ўзида акс эттирди.
Бахмал, сўзана, шойи адрас, шифон матоларидан яратилган либосларни, уларни янада ёрқинроқ бўлишини таъминлаган ажойиб патлардан, миллий тақинчоқлардан иборат сочларга тақиладиган аксессуарларни, тилла қошларни, Дилдора Қосимованинг тўпламида кўриш мумкин бўлди.
Намойиш сўнггида тақдим этилган келинлик либоси бежирим ва нафис бўлиб, барчанинг эътиборини ўзига тортди.
Тошкент мода ҳафталигинг биринчи ва иккинчи кунидан шарҳлар бизнинг сайтда.
ИЗОҲЛАР 0