ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Театр

«Ҳақиқат яхши-ку, бироқ бахт афзалроқ» спектакли ҳақида

1890
0

Пойтахтимизда 2016 йилнинг 16 ва 17 сентябр кунлари Россия Кичик (Малый) театри гастролда бўлди ва ўзбек томошабинларига ўзларининг энг яхши спектаклларидан бири бўлмиш А.Н.Островскийнинг «Ҳақиқат яхши-ку, бироқ бахт афзалроқ» номли спектаклини тақдим этишди.

Кичик (Малый) театри жамоаси томонидан тақдим этилган спектакль Ўзбекистон академик рус драма театри саҳнасида бўлиб ўтди.

 

Россия Кичик (Малый) театри жамоаси томонидан тақдим этилган «Ҳақиқат яхши-ку, бироқ бахт афзалроқ» номли спектаклига журналист Нигора Умарова ташриф буюрди. Қуйида эътиборингизга Нигора Умарованинг театр ва мазкур спекталь ҳақидаги мулоҳазасини тақдим этмоқдамиз.

«Малый (Кичик) театр!... Бу русларнинг саҳна академияси. Бу-умрбоқийлар жамоасидир! »,- деган эди Александр Амфитеатров. Дарҳақиқат, ижодкорнинг гапида жон бор. Театр бу йил ўзининг 260 мавсумини очади. Нима учун театр  «Малый театр» деб аталади? Ахир шунча йиллардан бери фаолият олиб бориб келаётган бўлса?!..

Унинг бир неча асрлик деворлар билан ўралган биносида бетакрор ва буюк рус санъаткорлари Ермолова, Рикалова, Никулина, Медведева, Федотова, Ленский, Южин каби бир қанча актёрлар; Бороздина, Музилей, Рижовлар сулоласи фаолият олиб борган бўлса... Бу актёрларнинг номи рус театри тарихи китобига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Театр зали томошабинлар билан доимо тўла, томошабин билетни олдиндан онлайн буюртма қилиб залга ошиқади. Кулгу ва ҳасрат, қайғу ва шодликларга тўла эҳтиросли, ҳамда ҳис-ҳаяжон билан ижро қилинган роллар доимо олқишлар зарбидан санъат эҳромига ўзгача руҳ бахш этади.

 

alt

 

1856 йилда савдогар Варгиннинг уйида Москва император театр труппаси ўз ишини бошлайди.

«Малый» сўзи аввал кичик ҳарф билан ёзилиб, театр труппаси биносига ишора қилинар эди. Сабаб, шундоққина унинг ёнида балет ва опера спектаклларига мўлжалланган «Большой» – Катта театр ҳам фаолият олиб бориб, унинг биноси «Малый»га нисбатан анча катта эди. Бироз вақт ўтиб театр бинолари номи билан боғлиқ «катта» ва «кичик» сўзлари атоқли отга айланди. Ўша пайтларда «Малый» Император Москва балет-опера ва драма театри труппасининг актёрлари ҳам Катта театр, ҳам Кичик театр саҳнасида ўйнай олар, чунки икки театр ўртасида ер ости йўли мавжуд бўлиб, актёрлар икки театрга бемалол ўта олишарди.

 

alt

 

Куни кеча пойтахтимиздаги Ўзбекистон академик рус драма театрида Рус Кичик (Малый) театрининг гастроллари бўлиб ўтди. Театр ўзининг ҳар йили одатдагидек октябрь ойида очиладиган мавсуми олдидан «Катта гастроллар» хорижий мамлакатларга ўз санъатини намойиш қилиш дастури доирасида ўз ижодий сафарини ўтказмоқда. Рус кичик театри охирги марта ўлкамизга 1964 йилда қилган ижодий хизмат сафарида Генрик Ибсеннинг «Шарпа« пьесасини намойиш қилган эди.

 

alt

 

Ушбу сафардаги дастур асосида ўзбек томошабини А.Н.Островскийнинг режиссёр Сергей Жеванович саҳналаштирган «Ҳақиқат яхши-ю, бироқ бахт афзалроқ» спектаклини томоша қилди. «Ҳақиқат яхши-ю... » илк бора «Серсув олмалар» номи билан 1876 йилда саҳналаштирилган, 2002 йилда эса режиссёр С.Жеванович спектакль қайта саҳна юзини кўришига сабабчи бўлди.

 

alt

 

Саҳна декорацияси оддийгина тахтадан ясалган деворлардан иборат. Унда на бир олмазорни, на бир боғни кўрасиз ва на бир олманинг шохчасини кўрасиз. Саҳна рассоми Александр Боровский саҳна безаги сифатида муҳаббат, оила, фарзанд, кўпайиш  рамзи бўлмиш олмалар саҳнанинг у ер-бу ерида жуда сероб. Тўкилаётган олмаларни тутиб қолиш учун эса чодир тутиб қўйилган. Қайсидир ўринда бу чодирнинг вазифаси тушаётган олмаларни тутиб қолиш бўлса, қайсидир ўринда қуёш нурини ёки «ҳовлига тушаётган бахт нури»га соя солаётгандек бўлади. Олмани ейиш, артиш, девордан ирғитиш, нес-нобуд қилиниши каби муносабатлар орқали пьеса қаҳрамонлари характерларининг хусусиятлари очилган. Боғдаги олмалар боғбон Меркулич (актёр Д.Курочка)дан ўзга ҳеч кимга керак эмас. Савдогар Барабшевихлар оиласи, ташқи дунёдан узиб қўйилган, ўз қобиғига ўзи ўралиб олган инсонлар тимсолидир. Улкан деворлар билан ўралган панжаралар ёнида ташқи оламга олиб чиқувчи биргина эшикча бор. Шу эшикча орқали ҳовлига бахт ва ёруғлик олиб кирувчи қаҳрамонлар Платон (Г.Подгоринский), Сила Ерофеевич Грознов (В.Бочкарёв)лар ҳовлига киришади. Олмабоғдаги қаҳрамонларнинг кулгили, ўйлантирувчи воқеалар орқали томошабин беихтиёр бахт мавжуд, бироқ уни ҳар ким ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда англашини ҳис этади.Кимдир куйдирганим-бахтим, дейди, кимдир суйдирганим-бахтим, дейди... Пьеса қаҳрамонларининг барчасини ўз ҳақиқати бор: Ҳукмфармо савдогар аёл Мавра Тарасовна (Е.Глушенко)нинг ягона ҳақиқати набирасини бой-бадавлвт генералга узатиш, «кўча ялло» ўғли Амос Панфиловичнинг(В.Низовой) ҳақиқати майхонама-майхона санғишу, пулларни «бебилиска» совуриш; энага Фелицатанинг (Л.Полякова) хаёлида бошқа нарса; Платоннинг ҳақиқати (Г.Подгоринский) ҳақиқатнинг кўзига тик қараш... Томошабин эътиборини саҳнанинг орқа тарафидан эшитилаётган гитара орқали ижро қилинаётган куй ва инсонларнинг суҳбати ҳам тортади. Улар, инсон ўз қобиғига ўзи ўралиб олмай, ҳақиқатни ҳам ўзидан, ҳам ташқаридан қидириш кераклигини, қиёслаш орқали уни таниш мумкинлигига ишора этаётгандек...

 

alt

 

Островский драмаларини ўқиган одам ҳар доим уларда воқеа ривожи айланадиган муҳаббат можароларига дуч келади. «Ҳақиқат яхши-ю, аммо.. »даги қаҳрамонлар Поликсена (О.Жевакина) ва Платон (Г.Подгоринский) ўртасидаги муносабатда ҳам қарашлар ва табақаланиш зиддияи юз беради. Глеб Подгоринский ижро қилган қаҳрамон ўзини ватанпарвар деб ҳисоблаб, «бетга айтганнинг заҳри йўқ» қабилида иш тутади. Алалоқибатда эса, ҳақиқатнинг аччиқ заҳрини ўзи тотади. У шунчалик ҳақиқатпарварки, баъзан тўғри сўзлаяпман деб ўзгаларнинг заҳарханда кулгуси остида қолади. Бошқа ўринда эса Г.Подгоринскийнинг қаҳрамони замонавий фикрлайдиган, уддабурон ёшлар тимсоли сифатида намоён бўлган. Унинг уддабуронлиги доимо унга қўл келади. Островский пьесасининг «ақлли» қаҳрамонлари иккита: бири ақли «ошидан тўлиб-тошиб кетган» Платон бўлса, иккинчиси доно ва айёр Фелицата. Платон тўғрилиги ва шарттакилиги орқасидан ноқулай вазиятга тушиб қолган бўлса, айёр ва доно Фелицата ҳар доим қалтис вазиятни юмшатиб юради. «Филицита»  сўзининг маъноси «бахт»ни англатади. Филицита образини ижро қилган Россия халқ артисти Людмила Полякованинг спектаклнинг бошиданоқ олма арчиб ўтириши, барча муаммоларнинг ечимини топишга атрофидагиларга ёрдам берувчи шахс эканлигини томошабинга «айтиб қўяди». Актриса спектаклнинг икки-уч ўрнида импровизацияга ҳам йўл қўйди. Людмила Полякова ижро қилган Фелицата Поликсенанинг бахти учун ҳаракат қилаётганлиги маълум бўлади. В.Бочкарёв ижро қилган Сила Ерофеевич Грознов образи ҳам томошабинда кулгу уйғотиб, зални жонлантириб турди. Бир қарасанг қалтираб, шарти кетиб-парти қолган чол, бир қарасанг ўзини ёш алпқомат йигитлардек тутадиганунтер-офицер ролини В. Бочкарёв ўзгарувчан пластик ҳаракатлар ва овоз товланишлари билан бир қиёфадан, иккинчи қиёфага кира олган ҳолда ижро этди.

 

alt

 

Спектаклдан аввал Россия халқ артисти Людмила Петровна Полякова билан суҳбатлашишга мушарраф бўлдим. Доно аёл, шарттакилигининг қайсидир жиҳатини Нонна Мордюковага ўхшатдим: «Биз (Малый театр актёрларини назарда тутмоқда) ҳеч қачон ўз театримиз ва А.Островскийга хиёнат қилмаймиз. Театримиз фаолияти Алексей Островский билан боғлиқ. У барча пьесаларини Малый театр учун ёзган. Театр саҳнамизда Островскийнинг 46та пьесаси саҳналаштирилган. Саҳнага чиқдингми, ролингни илк бора ўйнаётгандек бор вужудинг билан барча имкониятларингни ишга солмасанг саҳнага хиёнат қилган бўласан. Ёшим ўтиб қолганлиги сабаб, кекса аёллар ролини беришади: қайнона, она ёки бошқа-бошқа... Саҳна ва киноэкранда қайнона (тёща) ролини ижро қилаётганда рус аёлининг ёмон жиҳатини эмас, оқила донолигини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Чунки бошқа мамлакатларнинг томошабини мен ижро қилган қиёфамни кўриб халқим аёлларига баҳо беради».

Актрисанинг сўзларини тинглаб, ҳа, бу бизга «Қирмизи олма» эмас, деган ўйлар ўтди. Бугун «Правда-хорошо, а счастье лучше»ни кўриб, ҳақиқатдан ҳам «Ҳақиқат яхши-ю, бироқ бахт афзал»лигига ишондим. Ҳаммаси бир сават сархил олмалардан бошланган эди...

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 19-09-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг